«Малика» бозорида текширув: 100 дан ортиқ шахснинг фаолияти расмийлаштирилди

15.02.2026 | 13:252 дақиқа

Ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев солиқчиларни танқид қилиб, комплексда декабрда пластик карталар орқали ечиб олинган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилганини айтганди.

«Малика» бозорида текширув: 100 дан ортиқ шахснинг фаолияти расмийлаштирилди

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, шаҳар прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти раҳбарлари иштирокида «Малика» савдо комплексида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Билдирилишича, йиғилишда яширин иқтисодиётга қарши курашиш, савдо фаолиятида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан устувор вазифалар белгиланган. Масъулларга зарур топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинган.

Шунингдек, мутасаддилар савдо мажмуаси ҳудудини ўрганиб, тадбиркорлар билан профилактик суҳбатлар ўтказган. Улар савдо жараёнларида шаффофликни таъминлаш, тушумларни тўлиқ акс эттириш, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш, назорат-касса техникаларидан фойдаланиш ҳамда электрон ҳисоб-фактураларни ўз вақтида расмийлаштириш бўйича зарур тушунтиришлар берган.

Ўтказилган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунга қадар мажмуа ҳудудида 129 та юридик шахс ҳамда 267 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти ўрганилган. Шунингдек, 117 нафар фуқаро белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг фаолияти расмийлаштирилган.

Президент танқиди

Жорий йил 27 январ куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказган видеоселектор йиғилишида Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси томонидан «Чорсу» бозорида тўлов интизоми жойига қўйилмагани, «Малика» савдо комплексида эса аҳвол бундан ҳам аянчли эканини кўрсатиб ўтганди. Масалан, комплексда 1,5 мингга яқин тадбиркор фаолият юритса-да, уларнинг фақат тўртдан бири рўйхатдан ўтган, 25 фоизи ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаётгани қайд этилган. Шунингдек, декабр ойида пластик карталар орқали ечиб олинган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бюджет режасини яхши ишлаётган тадбиркорларга ортиқча тўлов қилдириш ҳисобидан бажараётгани айтилган. Жумладан, 46,4 минг корхонадан 876 миллиард сўм ортиқча тўлов ундирилган.

Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайган. Ўтган йилда мазкур солиқни ноқонуний қайтариш бўйича 20 нафар солиқ ходимига жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу йўналишга жавобгар бўлган, етти йилдан бери ишлаб келаётган қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев йиғилишда ишдан олинди. Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Дилшод Усманов лавозимидан озод қилиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Шавкат Мирзиёев Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатовга Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекцияларининг бошлиқларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб қўйишни топширди.

Теглар

Мавзуга оид