Logo

АҚШ ва Эрон музокаралари бекор қилинди

Бунга Ливанда жанглар қайта бошлангани сабаб бўлган.

АҚШ ва Эрон музокаралари бекор қилинди

Бугун, 19 июн куни Швейцарияда бўлиб ўтиши режалаштирилган АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар Ливандаги жангларнинг кескинлашуви оқибатида бекор қилинди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги маълум қилди.

Ливандаги ҳаво ҳужумлари оқибатида 18 киши ҳалок бўлди. Можаронинг давом этиши АҚШ-Эрон келишувига жиддий таъсир кўрсатиши кутилмоқда, чунки Ливандаги жангларни тўхтатиш ушбу кенг қамровли тинчлик битимининг асосий шарти ҳисобланади. Бу ҳақда расмийларнинг тегишли баёнотида маълум қилинди.

Швейцария ташқи ишлар вазирлиги музокаралар расман қолдирилгани ва тайёргарлик ишлари давом этаётганини айтди.

Бюргеншток курортида ўтиши режалаштирилган техник музокаралар олдидан АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳамда Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Бақир Қолибоф учрашувга бориш режаларини бекор қилган.

Эрон томони кенг қамровли ўт очмаслик режими ўрнатилмас экан, АҚШ билан музокаралар давом этиши мумкин эмаслигини билдирган. «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қонун чиқарувчисига кўра, Исроил ҳужумларини тўхтатишни таъминлаш масъулияти Вашингтон зиммасидадир.

Исроил келишувда иштирок этмаяпти

Жорий ҳафта АҚШ ва Эрон президентлари ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми томонларга якуний келишувга эришиш ёки вақтинчалик битимни узайтириш учун 60 кун муҳлат беради. Эроннинг ядровий дастури ва бошқа мураккаб масалаларни муҳокама қилиш кейинга қолдирилган.

Вақтинчалик битим АҚШ, Эрон ва уларнинг иттифоқчиларидан барча фронтларда, шу жумладан Ливанда ҳам ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан ва бутунлай тўхтатишни талаб қилади. Аммо музокаралардан четда қолган Исроил ушбу келишувга алоқадор эмаслигини билдирди. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги жанубдаги 11 та шаҳарда оғир ҳаво ҳужумлари оқибатида 18 киши ҳалок бўлгани ва 33 киши яраланганини маълум қилди.

Расмий статистикага кўра, ушбу уруш 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳаво ҳужумлари билан бошланган бўлиб, камида 7 000 кишининг, асосан Эрон ва Ливан фуқароларининг ўлимига сабаб бўлган.

Уруш жаҳон миқёсида энергия нархларининг ошишига ва инфляциянинг кучайишига олиб келган эди.

Энди вақтинчалик битим доирасидаги 60 кунлик музокаралар даврида Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш тўловлари бекор қилиниши айтилмоқда.

АҚШда президент Доналд Трампнинг баъзи республикачи сафдошлари ноябр ойидаги оралиқ сайловлар олдидан келишув шартларини танқид қилмоқда. Меморандум иқтисодий санкцияларни юмшатиш, ўнлаб миллиард долларлик активларни музлатишдан чиқариш ва Эрон нефти экспортига зудлик билан рухсат беришни кўзда тутади.

Шунингдек, 300 миллиард долларлик қайта тиклаш фондини ташкил этиш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid