Олтин қулади: сабаблар, оқибатлар ва кутилмалар

Азалдан уруш даврида олтин хавфсиз бошпана сифатида қаралади. Бироқ, Яқин Шарқдаги уруш давом этаётган бўлса ҳам олтин нархи кескин пасаймоқда. Бунга нима сабаб бўляпти? Батафсил:

Олтин қулади: сабаблар, оқибатлар ва кутилмалар

Ўзбекистонда олтин қуймалари бир неча ҳафта ичида сезиларли арзоналади. 24 март ҳолатига кўра, қуймалар нархи бир кунда 8,6 фоизга пасайиб кетди. Бу қуймалар учун тарихдаги кунлик энг йирик пасайиш бўлди.

100 грамм кўринишидаги энг катта олтин қуймалари 195,6 млн сўмдан 180,1 млн сўмгача арзонлади. Банклар уларни қадоғи бут ҳолатда 173,1 млн сўмдан, қадоғи бузилганда 171,4 млн сўмдан аҳолидан сотиб олмоқда.

3 март куни олтин қуймалари нархи тарихий рекорд даражага чиққанди. Шундан бери қуймалар нархида 17,1 фоизлик пасайиш қайд этилди. 100 гр қуйма нархи 37,2 млн сўмга арзонлади.

3 март кунидаги нархда банкдан қуйма сотиб олганлар бугун банкка уни қайтариб 20 фоиз арзонроққа ёки 44,2 млн сўм зарар билан сота олади.

Жаҳонда ҳам олтин нархи 23 март, душанба куни тройа унсияси (31,1 г) учун 4 100–4 200 доллар оралиғигача тушиб кетди. Айни пайтда олтин биржаларда 4 350 доллар атрофида сотилмоқда.

Олтин нега кескин арзонлади?

Олтин нархи сезиларли тушишига Яқин Шарқдаги кескинлик нефть ва энергия нархларини оширгани, бу эса инфляция хавфини кучайтираётгани сабаб бўляпти.

Инфляцион хавотирлар кучайиши эса Марказий банкларни фоиз ставкаларини ушлаб туришга, зарур бўлган тақдирда оширишга олиб келади.

Айниқса АҚШ Федерал захира тизими (Fed) фоиз ставкаларини пасайтирмаслиги, кескинроқ пул-кредит сиёсатини олиб бориши долларни инвесторлар учун жозибадорроқ қилмоқда.

Нега кучли доллар олтин учун ёмон?

Яқин Шарқдаги уруш энергия таъминотида узилишларни пайдо қилиб, нархларни сезиларли оширди. Бу эса соф энергия экспортчиси бўлган АҚШ учун қўл келди.

Fed’нинг инфляцион хатарлар фонида кескинроқ сиёсати бўйича кутилмалар ҳам инвесторларни долларни хавфсиз бошпана сифатида кўришга ундамоқда.

Аксарият инвесторлар геосиёсий зиддиятлар фонида олтиндан кўра доллар, жумладан АҚШ давлат облигациялари кўпроқ даромад олиб келади дея ишонмоқда.

Fed фоиз ставкаларини юқорироқ ушлаб турган тақдирда бу доллардаги облигацияларнинг даромадлилигини оширишга олиб келади. Натижада, инвесторлар олтинни имкони борича юқорироқ нархда сотишга ҳаракат қилиб, пулларини долларда ушлашга интиляпти.

Уруш пайтида “олтин — хавфсиз бошпана” эмасмиди?

Азалдан олтин уруш ва ноаниқлик даврида хавфсиз бошпана сифатида қаралади. Яқин Шарқдаги уруш бошланганда бу сафар ҳам шу қоида ишлади — олтин нархи сезиларли ошди.

Урушгача олтиннинг глобал нархи унсияда 5 100 долларлар атрофида бўлган бўлса, уруш бошлангач 5 400 долларгача кўтарилди.

Бироқ, зиддият давом этаркан инвесторлар “совуқ мия” билан ўйлашни бошлади. Ҳозирда улар реал иқтисодий факторларга асосланиб қарор қабул қилмоқда.

Реал иқтисодий вазият эса, юқорида қайд этилганидек, инвесторлар учун долларни жозибадор қилиб кўрсатмоқда.

Олтин Ўзбекистон учун қанчалик муҳим?

1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захираларида 67,7 млрд долларлик олтин бор. Йил бошида бу кўрсаткич 55,1 млрд доллар эди.

Олтин захиралари бу даражада тез ўсишига бу даврда олтин кескин қимматлагани сабаб бўлди. Бундан ташқари, захираларда олтиннинг физик ҳажми 400 тоннадан ошиб, рекорд даражага етди.

Қимматбаҳо металл нархи тушиши мамлакат захираларининг ҳам сезиларли пасайишига олиб келади. Ҳозирги паст нархлар сақланиб қоладиган бўлса, Ўзбекистон миллиардлаб доллар йўқотади.

2026-йилги давлат бюджети 20 фоиздан ошғини Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) тўлдириши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2025-йил 17,7 фоиз, 2024-йил 12,4 фоиз бўлиши прогноз қилинганди.

Ўтган йилда олтин нархи сезиларли ошиб, бир неча бор тарихий рекордларни янгилаганди. Йил бошида қимматбаҳо металлнинг глобал нархи унсияда 2 650 доллар атрофида эди. Кейинчалик нарх қарийб 4 500 долларгача чиқди. 2026-йилда нарх 5 600 долларгача етиб, тарихий рекордни янгилади.

Олтин қимматлаши фонида, НКМКнинг 2025-йил биринчи ярмидаги соф фойдаси 72 фоизга ўсиб, 1,5 млрд долларни ташкил қилди. Нарх пасайиши НКМК даромадига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилади.

Олтин бўйича кутилмалар қандай?

Айни пайтда олтин нархи бўйича ноаниқликлар кучайган бўлсада, у бир йил аввалгига қараганда анча юқори бўлиб турибди.

Олтинни ўсишда рағбатлантирувчи геосиёсий зиддиятлар, долларлашувни камайтириш, глобал қарз ошиши ва марказий банкларнинг талаби каби жиҳатлар ҳамон кун тартибида турибди.

2026 йилда йирик банклар ва таҳлилчилар олтинни унсияда 6 000 доллардан ошишини кутмоқда. UBS 2026 йил сентябрга қадар олтин нархи 6 200 долларга чиқишини прогноз қилаётган бўлса, Deutsche Bank бу кўрсаткич 6 000 доллар бўлишини тахмин қилмоқда.

JP Morgan таҳлилчилари йил охиригача олтин 6 300 долларлик маррани кесиб ўтишига ишонмоқда.

Теглар

Мавзуга оид