Марказий банк: Асосий ставкани пасайтириш масаласи муҳокама қилинмади
Марказий банк 29 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани пасайтириш вариантини ҳатто муҳокамага ҳам қўймаган. Ammo regulyator kelgusida iqtisodiy sharoit talab etsa, stavkani 0,25 foizlik qadamlar bilan pasaytirish ehtimolini istisno qilmadi.

29 июль куни Марказий банк бошқаруви йиғилишида асосий ставкани пасайтириш масаласи кўриб чиқилмаган. Бу ҳақда матбуот анжуманида Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти раҳбари Самиғжон Иноғамов маълум қилди, deb xabar bermoqda Vaqt.uz muxbiri.
Иноғамовнинг сўзларига кўра, йиғилишда фақат асосий ставкани амалдаги 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш таклифи муҳокама қилинган.
Vaqt.uz ушбу йиғилиш якунларига кўра, асосий ставка 14 фоиз даражасида яна ўзгаришсиз қолдирилгани ҳақида хабар берганди.
Бунга сабаб сифатида эса яқин чоракларда инфляцияни кучайтирувчи омиллар ва хавфлар сақланиб қолаётгани келтирилган.
«Бугунги йиғилишда асосан бир таклиф — асосий ставкани сақлаб қолиш муҳокама қилинди. Пасайтириш таклифи кўриб чиқилмади. Чунки келгуси чоракларда проинфляцион омиллар ва хавфлар устунлигича қолмоқда», — деди Пул-кредит сиёсати департаменти раҳбари.

Асосий ставка қачон пасайтирилиши мумкин?
Марказий банк вакилига кўра, пул-кредит сиёсати юмшатилиши учун бир нечта шарт бажарилиши лозим.
Аввало, базавий инфляция барқарор пасайиш траекториясига ўтиши керак. Ҳозирда ушбу кўрсаткич 5,7 фоизни ташкил этмоқда ва йил бошидан буён деярли ўзгармаган.
Шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари ҳам сезиларли даражада пасайиши талаб этилади. Иногамовнинг таъкидлашича, сўнгги ойларда кутилмалар пасайиш тенденциясини кўрсатаётган бўлса-да, бу суръат Марказий банк кутган даражага етмаган.
Яна бир муҳим шарт — янгиланадиган макроиқтисодий прогнозлар. Агар таҳлиллар инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли даражага ўз вақтида қайтишига хавф йўқлигини кўрсатса, Марказий банк асосий ставкани пасайтириш масаласига қайта мурожаат қилиши мумкин.
Ставка 0,25 фоиз бандга ўзгариши мумкинми?
Матбуот анжуманида Vaqt.uz журналисти Маҳлиё Ҳамид регулятордан келгусида асосий ставкани 1 фоиз ёки 0,5 фоиз эмас, Қозоғистон ҳукумати қўллагани каби 0,25 пасайтириш ҳақидаги режаларини ҳам сўради
Иноғамов бунга жавобан, бу борада универсал ёндашув мавжуд эмаслигини қайд этиб, ставканинг қай даражада ўзгартирилиши иқтисодиётдаги вазият, инфляция динамикаси ва прогнозларга боғлиқлиги таъкидлади.
У Россия ва Қозоғистон марказий банклари инфляция секинлашгани туфайли яқинда ставкаларни 0,25 фоиз бандга туширганига тўхталиб, ҳар бир мамлакатда қарор алоҳида иқтисодий шароитдан келиб чиқиб қабул қилиниши эслатди.
Аммо Марказий банк вакили анжуман давомида Ўзбекистон ҳам келгусида зарурат туғилса, асосий ставкани кичикроқ қадамлар билан ўзгартириши мумкинлигини истисно қилмади. Аммо ҳозирча бундай амалиётга ўтиш бўйича аниқ режалар эълон қилинмаган.





