Тошкент туманлари саноат зоналарига боғланади: Инвесторларга янги ер майдонлари ажратилади
Тошкентни ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, пойтахт туманларига саноат зоналаридан ер майдонлари ажратилади, Олмазорда Креатив парк ҳамда 24 соатлик сайилгоҳларда «Китоб кўчалари» ташкил этилади.

Президентнинг «Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга кўра, 2031 йил 1 январга қадар пойтахтда эксперимент тариқасида қатор янги механизмлар жорий этилади.
Қарорнинг асосий мақсади Тошкент туманларини махсус иқтисодий ва саноат зоналари билан боғлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва янги лойиҳаларни кўпайтиришдан иборат.
Шу мақсадда ҳар бир туманга лойиҳаларни амалга ошириш учун махсус иқтисодий ва саноат зоналари ҳудудидан ер майдонлари Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан бириктирилади.
Ёшлар креатив парки ташкил этилади
Қарорга мувофиқ, Олмазор туманида жойлашган Ёшлар маркази биносида ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш йўналишларида Ёшлар креатив парки ташкил этилади.
Шунингдек, «Тошкент китоб тижорат» уюшмаси аъзоларига аҳоли гавжум ҳудудлари, бозорлар, йирик савдо марказлари ва марказий кўчаларда енгил конструкцияли китоб дўконларини ўрнатишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, тадбиркорлар «Book cafe»лар ташкил этиши ҳамда пойтахтда ташкил этилаётган 24 соатлик сайилгоҳларда «Китоб кўчаси» лойиҳасини йўлга қўйиши мумкин бўлади.
Янги талаблар
Қарорда китоб савдосини янада оммалаштиришга қаратилган янги талаб ҳам белгиланди.
Майдони 5 минг метр квадратдан ортиқ савдо марказларида китоб дўконларини ташкил этишнинг мажбурий тартиби жорий қилинади.





