ЕИ Россияга ёрдам бераётган 1600 дан ортиқ компанияни жазоламоқчи
Агар ушбу санкциялар пакети бир овоздан маъқулланса, бу уруш бошланганидан бери бир вақтнинг ўзида қора рўйхатга киритилган компаниялар сони бўйича рекорд кўрсаткич бўлади.
© Foto: RIA NovostiЕвропа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши урушига кўмаклашаётгани айтилган 1600 дан ортиқ компанияга нисбатан санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда.
«Bloomberg»га кўра, агар пакет тасдиқланса, бу Россияга қарши бир вақтнинг ўзида қора рўйхатга киритилган компаниялар сони бўйича рекорд кўрсаткич бўлади.
Нашрнинг ёзишича, санкциялар қўлланиши мумкин бўлган компанияларнинг умумий йиллик айланмаси 20 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. Уларда 265 мингдан зиёд ишчи мавжуд.
Нашр манбаларининг таъкидлашича, янги пакет қабул қилинса, Украинадаги уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқи санкция қўллаган юридик шахслар сони қарийб 50 фоизга ошади. Бироқ қарор кучга кириши учун ЕИга аъзо барча давлатлар уни бир овоздан маъқуллаши керак.
Москвага босим кучаймоқда
«Bloomberg» қайд этишича, янги санкциялар Европа Иттифоқининг Россия президенти Владимир Путинга босимни кучайтириш ва Москвани тинчлик музокараларига қайтаришга қаратилган навбатдаги уринишидир.
Европа етакчилари Украина фронтдаги позициясини мустаҳкамланаётгани ва Россия иқтисодиёти секинлашаётгани музокаралар учун янги имконият яратаётганини таъкидламоқда. Хусусан, Москва 2026 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирган.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Украинага ҳаво мудофааси тизимларини ривожлантиришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирмоқда.
Бироқ, нашринг таъкидлашича, ЕИга аъзо мамлакатлар ўз иқтисодиётига етказиладиган зарарни камайтириш мақсадида айрим истисноларни талаб қилаётгани сабабли, Москвага қарши санкцияларни қабул қилиш тобора мураккаблашиб бормоқда.





