Logo

Ўзбекистонда микромолия ташкилотларининг хизматлари ҳажми 2,3 баравар ошди

Бугун 15:053 дақиқа

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида микромолия ташкилотлари 44,4 трлн сўмлик хизмат кўрсатди. Шу даврда тижорат банкларининг микромолия хизматлари ҳажми 24 фоизга камайди.

Ўзбекистонда микромолия ташкилотларининг хизматлари ҳажми 2,3 баравар ошди © Shutterstock

Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида микромолия хизматлари бозори ҳажми 109,9 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Марказий банк «Микромолия хизматлари бозори шарҳи»да эълон қилди. Шарҳга кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 трлн сўмга ёки 6 фоизга кўп.

Микромолия хизматларининг жами ажратилган кредитлардаги улуши 2,8 фоиз пунктга пасайиб, 31,4 фоизни ташкил этди.

Жами 109,9 трлн сўмлик микромолия хизматларининг 108,8 трлн сўми миллий валютага тўғри келди. Хорижий валютадаги хизматлар ҳажми бир йил аввалгига нисбатан 2,1 баравар ошиб, 1,1 трлн сўмга етди.

Хорижий валютадаги микрокредитларнинг 74 фоизини бешта банк ажратган. Улар орасида «Davrbank» етакчи бўлиб, унинг хорижий валютада ажратган микрокредитлари ҳажми 282 млрд сўмга тенг.Кейинги ўринда 155 млрд сўм эквивалентида микроқарз берган «Xalq banki» турибди. «Kapitalbank»да бу кўрсаткич 135 млрд сўмни, «Biznesni rivojlantirish banki»да 114 млрд сўмни, «Hamkorbank»да эса 101 млрд сўмни ташкил этган. 

Микромолия бозорида банклар улуши — 56,8 фоиз

Тўққиз ойда тижорат банклари 62,4 трлн сўмлик микромолия хизматлари кўрсатди. Бу бозорнинг 56,8 фоизига тенг. Бозорнинг 40,4 фоизи микромолия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келди. Ломбардлар эса 3,1 трлн сўмлик микроқарз ажратиб, бозорнинг 2,8 фоизини эгаллади.

Бир йил ичида банклардаги микромолия хизматлари ҳажми 20,2 трлн сўмга камайиб, пасайиш асосан хусусий банкларда кузатилган. Уларда хизматлар ҳажми 19,2 трлн сўмга ёки 34 фоизга қисқарган. Давлат улуши бор банкларда эса пасайиш 1 трлн сўмни ёки 4 фоизни ташкил этган.

Шу даврда микромолия ташкилотлари хизматлари ҳажми 25,2 трлн сўмга, ломбардларники эса 1 трлн сўмга ўсди. Ўсишнинг асосий қисмини микромолия ташкилотлари таъминлади.

Қисқа муддатли хизматлар 43,8 трлн сўмга етди

Микромолия хизматларининг 40 фоизини қисқа муддатли хизматлар эгаллади. Январ–сентябрда бундай хизматлар ҳажми бир йил аввалгига нисбатан 91 фоизга ўсиб, 43,8 трлн сўмга етди. Унинг 40,2 трлн сўмини микромолия ташкилотлари ва ломбардлар кўрсатди.

Узоқ муддатли хизматлар ҳажми эса 18 фоизга қисқариб, 66,1 трлн сўмга тушди. Бу хизматларнинг 59 трлн сўмини тижорат банклари кўрсатган. Банклар тақдим этган микромолия хизматларининг 94 фоизи айнан узоқ муддатли хизматлардан иборат.

Ҳудудлар кесимида

Тошкент шаҳрида микромолия хизматлари ҳажми 71,3 трлн сўмга етди. Бу бошқа барча ҳудудлардаги жами ҳажмдан қарийб икки баравар, иккинчи ўриндаги Фарғона вилоятидан эса қарийб 11 баравар кўп. Фарғонада эса 6,6 трлн сўмлик хизмат кўрсатилган. Фарғонадан кейинги ўринларда Тошкент вилояти (3,8 трлн сўм), Андижон (3,6 трлн сўм) ва Самарқанд (3,5 трлн сўм) вилоятлари жойлашган.

Ўсиш суръати бўйича Андижон пешқадам бўлди. Вилоятда хизматлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 691 млрд сўмга, яъни 24 фоизга ошди. Бу Самарқанддаги ўсишдан қарийб икки баравар кўп. У ерда ҳажм 321 млрд сўмга, яъни 10 фоизга кўпайган.

Шунингдек, Сирдарёда ҳам ҳажм 8 фоизга, яъни 96 млрд сўмга ошди. Бироқ 1,2 трлн сўмлик кўрсаткич билан вилоят хизматлар ҳажми бўйича ҳудудлар орасида охирги ўринда қолди.

Олти вилоятда микромолия хизматлари ҳажми қисқарди. Энг катта пасайиш Наманганда кузатилди — ҳажм 10 фоизга камайиб, 2,1 трлн сўмга тушди. Хоразм ва Навоийда 7 фоиздан, Қашқадарёда 5 фоизга, Сурхондарё ва Бухорода 2 фоиздан камайди.

Эслатиб ўтамиз, Мўғулистон банки Ўзбекистонда онлайн микроқарз бериш имкониятини кўриб чиқяпти.

Теглар

Мавзуга оид