Logo

Қашқадарёда банкоматдан пул ечишда «ёрдам бериш» баҳонасида пул ўғирлаганлар ушланди

Bugun 14:051 daqiqa

Шаҳрисабзлик икки нафар эркак банкоматлар ёнида туриб, гўё пул ечишга кўмаклашиш баҳонасида 21 та ҳолатда одамларнинг карталаридан пул ечиб келган.

Қашқадарёда банкоматдан пул ечишда «ёрдам бериш» баҳонасида пул ўғирлаганлар ушланди © Foto: rg.ru

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида яшовчи икки нафар фуқаро ўзаро тил бириктирган. Улар банкоматдан пул ечишга ёрдам бериш баҳонасида одамларнинг маблағини ўғирлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, гумонланувчилар банкоматлар ёнида туриб, пул ечиш учун келган фуқароларга ёрдам беришни таклиф қилишган. Шу баҳонада улар картанинг кодини билиб олишган.

Карта эгаси кетишидан олдин улар картани NFC орқали банкоматга теккизиб олишган. Эгаси кетганидан сўнг эса кодни териб, ҳисобдаги пулларни ечиб олишган. Шу усулда 21 та ҳолатда фуқароларнинг маблағи яширинча ўғирлангани айтилмоқда.

Иккала шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. Ашёвий далил сифатида 1,4 млн сўм маблағ ҳужжатлаштириб олинди. Гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг тўққиз ойида фирибгарлар ўзбекистонликларга 278 млрд сўмдан ортиқ зарар етказгани хабар берилган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Қашқадарёда банкоматдан пул ечишда «ёрдам бериш» баҳонасида пул ўғирлаганлар ушланди | Vaqt.uz