Тошкент ҳайвонот боғидаги ягона орангутанда онкологик касаллик аниқланди
Шифокор айни вақтда жониворнинг аҳволи қониқарсиз эканини билдирди.
© Foto: Toshkent hayvonot bog‘iТошкент ҳайвонот боғида яшовчи Цезарь лақабли орангутанга суяк тўқимасининг хавфли ўсмаси — остеосаркома ташхиси қўйилди. Бу ҳақда ҳайвонот боғ маъмурияти маълум қилди.
Қайд этилишича, боғ мутахассислари ушбу ҳолат юзасидан хорижлик ҳамкасблари билан маслаҳатлашган ва улар ҳам ташхисни тасдиқлаган.
Ҳайвонот боғининг бош ветеринария шифокори Маҳмуд Қўзибоевнинг сўзларига кўра, Цезарга остеосаркома ташхиси бир йилдан сал кўпроқ вақт олдин қўйилган.
«Биз тегишли муолажаларни олиб боряпмиз, бироқ бундай касалликлар давосиз», — деди Маҳмуд Қўзибоев.
Шифокор айни вақтда жониворнинг аҳволи қониқарсиз эканини билдирди.
«Айни пайтда унинг аҳволи қониқарсиз. Шунга қарамай, биз тушкунликка тушмаймиз ва қўлимиздан келган барча ишни қиламиз», — дея қўшимча қилди у.
Таъкидланишича, ҳайвонот боғи орангутанни даволаш масалалари бўйича Орангутанларни ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси, шунингдек, дунёнинг бир нечта ҳайвонот боғлари, жумладан, Москва ва Лондон ҳайвонот боғлари билан алоқада бўлиб турибди.
«Ҳозир Цезарь меҳр ва эътиборга, шунингдек, зарур ёрдамга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Биз унинг ўзини яхши ҳис қилиши, керакли ёрдамни олиши ва ўзи ўрганган муҳитда қолиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Унинг ёнида ўзига таниш инсонлар бўлиши, одатдаги шароити ва хотиржамлиги сақланиши биз учун жуда муҳим», — дейилади маъмурият хабарида.
Таъкидланишича, Цезарни ҳайвонот боғи ходими Машкура опа ўз фарзандидек боқиб-парваришлаб вояга етказган ва касал бўлган пайтларида ёнидан кетмай, тунларни бедор ўтказган. Шунингдек, киперлар, ходимлар, раҳбарият ва кўп йиллардан буён унинг ёнида бўлиб келаётган бош ветеринария шифокори Маҳмуд Қўзибоев ҳам орангутанга ғамхўрлик қилмоқда.
«Цезарь ёлғиз эмаслигини билишингизни хоҳлардик. Биз доим унинг ёнидамиз. У сизларнинг ҳар бирингиз учун қанчалик қадрли эканини яхши тушунамиз», — дея қайд этилган муносабатда.
Ҳайвонот боғи жамоаси Цезарга ғамхўрлик қилишда давом этишини ва унинг олдинда яна кўплаб яхши кунлари бўлишига умид қилаётганини билдирди.
Цезарь Тошкент ҳайвонот боғида сақланаётган маймунлар орасидаги ягона орангутан ҳисобланади.
У 2019 йилда, ҳали болалик пайтида Ўзбекистондан Қозоғистонга ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринишганидан сўнг Тошкент ҳайвонот боғига келиб қолган. Божхона ходимлари жониворни Зангиота туманида ўтказилган рейд давомида аниқлаб, ҳайвонот боғига топширган эди.





