Logo

«Nvidia» директорлар кенгаши Женсен Хуангни компания бош директори лавозимига қайтарди

Bugun 19:582 daqiqa

Компанияга асос солган ва қарийб 30 йил давомида унга раҳбарлик қилган Хуанг бундан тахминан икки ҳафта олдин истеъфога чиққанди. Бунга компания ходималаридан бири ҳамда Хитой фойдасига жосуслик қилганликда гумонланаётган аёл билан ишқий муносабатда бўлгани ҳақидаги можаро сабаб бўлган.

«Nvidia» директорлар кенгаши Женсен Хуангни компания бош директори лавозимига қайтарди © Foto: СNN

Американинг «Nvidia» технология компанияси директорлар кенгаши Женсен Хуангни бош директор лавозимига қайтариш ҳақида бир овоздан қарор қабул қилди.

Компания баёнотига кўра, директорлар кенгаши бир неча учрашув ўтказганидан сўнг Хуангни лавозимига қайтаришга қарор қилган. Кенгаш аъзолари унинг очиқлиги ва раҳбарлик қобилиятига ишонч ҳосил қилган. Шу тариқа, Хуанг президент, бош директор ва директорлар кенгаши аъзоси лавозимларига дарҳол қайтарилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида директорлар кенгашининг қарорини «жуда тўғри» деб атади. Унинг айтишича, АҚШ учун корпорация раҳбари лавозимида Ҳуанг бўлиши керак ва бу миллий хавфсизликка ҳеч қандай таҳдид солмайди.

Хуанг «Nvidia» компаниясининг ҳаммуассисларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, у компаниянинг энг йирик акциядорларидан бири бўлиб, «Nvidia» акцияларининг қарийб 3,61 фоизига эгалик қилади. У 12-ноябр куни истеъфога чиққан эди. Бунга бир неча кун олдин «The New York Times» нашрида эълон қилинган мақола сабаб бўлган. Унда Хуанг ўзига бўйсунувчи компания раҳбарларидан бири билан ишқий муносабатда бўлгани ҳақида хабар берилган.

Бундан бироз олдин эса Хуангнинг Элис Хуанг исмли аёл билан ҳам ишқий муносабатда бўлгани маълум бўлган. Таъкидлаш жоизки, бу аёл «Nvidia» раҳбари билан фамилияси бир хил бўлса-да, унга қариндош эмас.

Элис Хуанг Хитой махсус хизматлари билан алоқадорликда гумон қилинмоқда. У Сингапурда жойлашган, маълумотлар марказларини бошқарадиган ва «Nvidia» компаниясидан чиплар сотиб оладиган «Megaspeed» фирмаси билан боғлиқ.

«The New York Times» манбаларига кўра, АҚШ махсус хизматлари Элис Хуангни кузатган ва у Хитой ҳукумати топшириғи билан иш олиб борганини аниқлаган.

Teglar

Mavzuga oid