Хитой хорижий давлат фойдасига жосуслик қилган амалдорни ўлимга ҳукм қилди
Амалдор хорижий разведка хизмати томонидан 150 минг долларга ёллангани аниқланди. Чет эл агенти хитой тилини ўрганиш баҳонасида у билан алоқа ўрнатган.
© Getty ImagesХитойда хорижий давлат фойдасига жосуслик қилганликда айбланган амалдор ўлим жазосига ҳукм қилинди. Амалдор махфий ҳужжатлардан 35 та маълумотни тўплаб, бунинг эвазига 150 минг доллардан ортиқ маблағ олган. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.
Давлат сирлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий бошқарма билан боғлиқ «Gold Wall Press» нашриёт компаниясининг маълум қилишича, маҳкумнинг фамилияси Ма бўлиб, у хорижда ишлаган вақтида номаълум хорижий разведка хизмати вакиллари томонидан ёлланган.
Хитой судлари одатда давлат хавфсизлигига оид ишлар ҳақида маълумотларни ошкор қилмайди. Бироқ сўнгги йилларда Давлат хавфсизлиги вазирлиги ва «Gold Wall Press» ҳибсга олиш ҳолатларини кенгроқ ёритмоқда. Шунингдек, жосуслик хавфи ҳақида огоҳлантириш мақсадида ижтимоий тармоқлар, филмлар ва комикслардан ҳам фойдаланмоқда.
23-ноябр куни эълон қилинган баёнотда айтилишича, Ма «махфийлик» ва «садоқат» бандларини ўз ичига олган ҳамкорлик шартномасини имзолаган ҳамда ҳар ой белгиланган миқдорда пул олиб турган. Умуман олганда, у давлат сири сифатида таснифланган 35 та маълумотни тақдим этган ва бунинг эвазига 1 млн юандан ортиқ маблағ олган.
Кайлин номи билан таништирилган разведка ходими Ма билан тез-тез учрашувлар ташкил қилгани, у билан янада яқинроқ алоқа ўрнатишга ҳаракат қилгани айтилади. Бунга ходимнинг хитой тилини ўрганишга қизиқиши сабаб қилиб кўрсатилган. Кейинчалик Кайлин уни ҳамкасби билан таништирган. У эса Ма аввал тақдим этган маълумотлари ҳақида Хитой расмийларига хабар бериш билан таҳдид қилган ва ҳамкорликни давом эттиришга мажбурлаган.
Хитойга қайтганидан кейин ҳам Ма хорижий агентлик учун маълумот тўплашда давом этган. Агентлик унга ноутбук тақдим этган. У кундуз кунлари хизмат мавқеидан фойдаланиб, махфий ҳужжатлардан маълумотлар йиғган, кечаси эса жосуслик веб-сайти орқали уларни хорижга узатган.
Баёнотда қайси давлатлар иштирок этгани, Ма қачон ва қаерда ҳукм қилингани ёки унинг жазоси ижро этилган-этилмагани ҳақида маълумот берилмаган.
АҚШ Марказий разведка бошқармасининг «YouTube» каналидаги энг кўп кўрилган бешта видеонинг барчаси хитой тилидаги ёллаш эълонларидир.
«Бу даҳшатли ҳолат яна бир бор огоҳлантирувчи сигнал бўлиб хизмат қилади», — дейилади «Gold Wall Press» баёнотида.
Унда хорижий разведка хизматлари «маккор» экани, улар муҳим лавозимлардаги шахсларни ўз томонига оғдириш учун ҳиссий алоқалар, молиявий манфаатлар ва таҳдидлардан фойдаланиши таъкидланган.
Шунингдек, давлат хизматчилари ҳушёрликни сақлаши, Коммунистик партияга садоқатини мустаҳкамлаши, давлат сирларини ҳимоя қилиши ва хорижий разведка хизматлари томонидан ёлланиш уринишларидан эҳтиёт бўлиши кераклиги айтилган.
2023-йилда Пекин жосусликка қарши қонунни кенгайтириб, жосуслик тушунчаси доирасини кенгайтирди ва давлат хавфсизлиги органларининг тергов ваколатларини кучайтирди. Кейинги йили эса давлат сирлари тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилиб, махфий маълумотлар бўйича чекловлар «хизматга оид сирлар» деб аталадиган маълумотларга ҳам татбиқ этила бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Nvidia» раҳбарининг бойлиги камайиб кетгани, бунга сабаб эса хитойлик «жосус» экани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ компания бош директори лавозимига қайта тикланган Женсен Хуангнинг бойлиги бир кечада 33,7 миллиард долларга кўпайди. Натижада унинг умумий бойлиги 143,8 миллиард долларга етди.
Фарангиз Бобожонова





