Logo

Банк иловалари, пешлавҳалар ва йўл белгилари янги алифбога ўтказилади

Bugun 17:142 daqiqa

2027-йилдан банк иловалари, банкоматлар, пешлавҳалар, йўл белгилари, аэропорт ва вокзаллардаги ахборотлар такомиллаштирилган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Банк иловалари, пешлавҳалар ва йўл белгилари янги алифбога ўтказилади

Аввалроқ Vaqt.uz Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришларни жамиятнинг барча соҳаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳақида ёзганди.

Ҳужжат лойиҳаси 2026-йил 21-октабрдаги ЎРҚ–1184-сон Қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги 4 та ҳарф «O‘ o‘ – O‘ o‘», «G‘ g‘ – G‘ g‘», «Sh sh – Sh sh», «Ch ch – Ch ch» тарзида ўзгартирилган.

Чора-тадбирлар дастурига кўра, банк-молия, солиқ ва божхона тизимларининг дастурий таъминоти, мобил иловалари, банкоматлари ва терминаллари интерфейслари янги алифбо ҳамда имло қоидаларига ўтказилади.

Шунингдек, электрон ҳисоботлар, расмий бланкалар, билдиришномалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам мослаштирилади. Ушбу ишлар қонун кучга киргунга қадар амалга оширилиши керак.

Давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг пешлавҳа ҳамда ахборот ёзувларини янгилаш учун 2026-йил ноябр ойида режа-жадвал ишлаб чиқиш, қонун кучга кирганидан бошлаб эса ёзувларни янги алифбо асосида тайёрлаш кўзда тутилган.

Электрон таблолар, медиа экранлар ва ахборот киоскларидаги матнларни ҳам қонун кучга кирган санадан бошлаб такомиллаштирилган алифбода шакллантириш режалаштирилмоқда.

Транспорт ва савдо соҳасидаги ўзгаришлар

Савдо ва хизмат кўрсатиш обектларидаги ўзгарган ҳарфлар қатнашган ёзувларни 2027 йилдан бошлаб режа асосида янгилаш таклиф этилмоқда.

Транспорт ва йўл хўжалиги инфратузилмасидаги ишлар ҳам 2027-йилдан босқичма-босқич бажарилиши белгиланмоқда. Жумладан:

— аэропорт, вокзал ва бошқа жамоат жойларидаги ёзувлар;
— автобус, метро, темир йўл ва бошқа транспорт воситаларидаги йўналиш, бекат ҳамда хизмат ахборотлари;
— йўл белгиларидаги ёзувлар, кўрсаткичлар ва манзил ахборотлари янги алифбога мослаштирилади.

Мазкур йўналишдаги ишларга Транспорт вазирлиги, Транспорт назорати инспексияси, Автомобил йўллари қўмитаси, Фуқаро авиатсияси агентлиги, «Ўзбекистон темир йўллари», «Uzbekistan Airports», «Uzbekistan Airways», «Тошшаҳартрансхизмат» ва «Тошкент метрополитени» масъул этиб белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк 2027-йил 19-февралдан нақд пул муомаласига оид янги норматив ҳужжат кучга кириши муносабати билан амалдаги банкнот ва тангаларни алмаштириш талаб этилмаслиги ҳақида маълумот берганди.

Teglar

Mavzuga oid