Logo

Газсиз ҳудудлардаги электр учун 350 кВт/соатлик меъёрдан кимлар фойдалана олади?

Bugun 20:305 daqiqa

Сиз қишда коммунал тўловларга қанча пул сарфлайсиз? Совуқ кунларда уйни қандай иситиш ва бунинг учун қанча пул сарфлаш керак, деган савол бугун шаҳарда яшовчиларни ҳам, газ етиб бормайдиган жойларда истиқомат қиладиганларни ҳам бирдек ўйлантиради. Газ таъминоти бўлмаган ёки газ етиб бориши қийин жойларда яшовчилар учун иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меъёри 200 дан 350 кВт/соатга оширилди. Vaqt.uz бу ўзгариш кимларга тегишлилиги, 350 кВт/соат қандай ҳисобланиши, меъёрдан ортиқ электр ишлатилса, қанча тўланиши-ю, янги тартиб оилаларга қанчалик енгиллик беришини таҳлил қилди.

Нега электр меъёри оширилди ?

Аввало, бу тартиб ўзи нега жорий қилинганига тўхталсак. Газ етиб бормайдиган ёки қишда газ таъминотида узилишлар бўладиган ҳудудларда аҳоли уйини иситиш учун табиийки электр энергиясидан кўпроқ фойдаланади. Натижада электр учун комунал тўловлар ҳам каррасига қимматлашади.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоевнинг маълум қилишича, бундай ҳудудлардаги хонадонларнинг қишки электр истеъмоли ўрганилган. 2025-йилнинг декабридан 2026-йилнинг мартигача ўтказилган таҳлил натижасида аҳолининг 60 фоизи қишда ойига 300 кВт·соатгача электр энергияси ишлатиши аниқланган. Шу маълумотлар асосида иситиш мавсумида базавий меъёрни 200 дан 350 кВт/соатга ошириш таклиф қилинган.

Хуршид Мустафоевнинг айтишича, ҳозирда деярли 4 миллион хонадон табиий газ билан таъминланмаган. Яна 600 мингдан ортиқ хонадонда газ бир келса, бир келмайди. Шу сабабли янги тартиб газсиз ёки қишда газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудларда яшовчиларнинг электр харажатини камайтиришга қаратилган.

200 кВт/соатлик меъёр қандай ишлайди?

Хўш, бу белгиланган лимит ўзи қандай ишлайди? Дейлик сиз бир ойда 200 кВт/соат электр ишлатсангиз, ҳар бир киловатт-соат учун 650 сўм тўлайсиз. Жами тўлов 130 минг сўм бўлади. Агар истеъмол 200 кВт/соатдан ошса, ортиқча қисм ҳар бир кВт/соат учун 900 сўмдан ҳисобланади. Бу дегани бир ойда 300 кВт/соат электр ишлатсангиз, дастлабки 200 кВт/соат учун 130 минг сўм, қолган 100 кВт/соат учун эса 90 минг сўм тўлайсиз. Жами — 220 минг сўм харажат бўлади.

Энди 350 кВт/соатлик меъёр нимани ўзгартиришига тўхталамиз. Янги тартиб қўлланадиган ҳудудларда иситиш мавсумида дастлабки 350 кВт/соат электр энергияси 650 сўмдан ҳисобланади. Сиз бундан кўпроқ электр ишлатсангиз, фақат 350 кВт/соатдан ошган қисм учун 900 сўмлик тарифда пул тўлайсиз. Масалан, бир ойда 300 кВт/соат электр ишлатган хонадон энди бутун сарфи учун 650 сўмдан тўлайди. Жами 195 минг сўм. Аввалги тартибда эса тўлов 220 минг сўм бўларди. Бундай вазиятда 25 минг сўм тежалади. 

 

Шундай қилиб, 350 кВт/соатлик меъёр электр истеъмолини чекламайди. У фақат пастроқ тариф қўлланадиган миқдорни оширади. Бир ойлик истеъмолга 200, 300, 350 ва 400 кВт/соат учун тўлов қанча бўлиши ва 350 кВтлик меъёрдаги нарх тафовутини қуйидаги жадвалда кўришингиз мумкин.

 

Ойлик истеъмол

200 кВт/соат меъёрида

350 кВт/соат меъёрида

Тежаладиган маблағ

200 кВт·соат

130 000 сўм

130 000 сўм

0

300 кВт·соат

220 000 сўм

195 000 сўм

25 000 сўм

350 кВт·соат

265 000 сўм

227 500 сўм

37 500 сўм

400 кВт·соат

310 000 сўм

272 500 сўм

37 500 сўм

 

 

350 кВт/соатлик меъёр кимларга тегишли?

 

Ана энди энг асосий жойига келдик: 350 кВт/соатлик меъёр кимларга тегишли? Бу енгиллик фақат табиий газ билан таъминланмаган ёки қиш мавсумида газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудлардаги айрим хонадонларга тегишли. Бунда аҳоли икки тоифага бўлинади.

Биринчи тоифага табиий газ қувурлари умуман мавжуд бўлмаган ёки газ тармоғидан узилган, суюлтирилган газдан фойдаланадиган ҳудудлар киради. Иккинчи тоифага эса газ тармоғи бор, лекин қишда ҳаво ҳарорати кескин пасайганда аҳолига етарли миқдорда газ етказиб бериш имконияти чекланган ҳудудлар киради. Хонадонлар рўйхати ҳар йили Энергетика вазирлиги, «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» таклифлари асосида шакллантирилади. Якуний рўйхатни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасдиқлайди. Шу сабабли фақат газ қувурининг йўқлиги етарли эмас. Хонадонлар  ушбу тартиб қўлланадиган тасдиқланган рўйхатга киритилган бўлиши ҳам керак. Шундагина 350 кВт/соатлик имтиёздан фойдаланиш мумкин.

 

Очиқ қолган саволлар

 

Хўш, хонадонингиз 350 кВт/соатлик меъёр қўлланадиган абонентлар рўйхатига киритилганини қандай билиш мумкин? Агар газ таъминоти йўқ ҳудудда яшасангиз-у, хонадонингиз ушбу рўйхатда бўлмаса, нима қилишингиз керак? Яна бир муҳим савол, газ етказиб бериш қийин деб топиладиган ҳудудлар қандай мезонлар асосида белгиланади? Бунда ҳаво ҳарорати, газ босими, тармоқнинг техник имконияти ёки газ таъминотидаги узилишлар сони ҳисобга олинадими?

Вазирлар Маҳкамасининг 601-сонли қарорида рўйхатни шакллантириш ва тасдиқлаш учун масъул ташкилотлар белгиланган. Бироқ юқоридаги саволларга, хусусан, ҳудудларни ажратишнинг аниқ мезонлари ва хонадонларнинг рўйхатга киришини текшириш тартибига ойдинлик киритилмаган.

 

Vaqt.uz ушбу саволлар юзасидан Энергетика вазирлигига бир неча бор мурожаат қилди. Аммо кўрсатув эфирга узатилгунга қадар масъул ташкилотлардан аниқ жавоб бўлмади. Шу сабабли 350 кВт/соатлик меъёр кимларга татбиқ этилиши маълум бўлса-да, унга кириш ва ундан фойдаланишнинг айрим муҳим жиҳатлари ҳозирча очиқ қолмоқда. Шунинг учун, келинг, ҳозир қишда одамлар газ ва электр учун қанча харажат қилишини кўриб чиқайлик.

 

Одамлар қишда электр ва газ учун қанча сарфлайди?

 

Vaqt.uz 14-октябрда ўтказган сўровномада қатнашганларнинг ярмидан кўпи коммунал хизматлар учун ойига 500 минг сўмдан ортиқ пул сарфлашини билдирган. Хўш, қиш мавсумида фақат электр энергияси ва табиий газнинг ўзи оилавий бюджетга қанчага тушади ? Буни Тошкентдаги хонадон мисолида ҳисоблаб кўрамиз. Масалан, бир оила ойига 300 киловатт-соат электр ва 500 куб метр газ ишлатса, 2026-йилги тарифлар бўйича электр учун 220 минг, газ учун эса 550 минг сўм тўлайди. Жами 770 минг сўм. Худди шу миқдордаги электр ва газ 2025-йилги тарифларда ҳисобланганида, оиланинг ойлик харажати 700 минг сўм бўларди. Демак, истеъмол ҳажми ўзгармаган тақдирда ҳам, янги тарифлар сабаб бир ойда 70 минг сўм кўпроқ тўлашга тўғри келади.

Истеъмол кўпайган сари бу фарқ ҳам ортади. Масалан, ойига 450 киловатт-соат электр ва 700 куб метр газ ишлатадиган хонадоннинг тўлови янги тарифларда 1 миллион 305 минг сўмга етади. Бу ўтган йилги нархларга нисбатан 125 минг сўм кўп. Агар ўртача истеъмол қиладиган оила тўрт ой давомида ҳар ой шунча электр ва газ ишлатса, қиш мавсумида жами 3 миллион 80 минг сўм сарфлайди. Аввалги тарифларда эса бу харажат 2 миллион 800 минг сўм бўларди. Яъни тўрт ойда 280 минг сўм фарқ юзага келади. Албатта, бу расмий ўртача истеъмол кўрсаткичи эмас, балки тарифлар ўзгаришининг оилавий бюджетга таъсирини кўрсатадиган тахминий ҳисоб-китоб. Ҳақиқий тўлов хонадоннинг майдони, иситиш усули, об-ҳаво ва энергия сарфига қараб фарқ қилиши мумкин. 

Teglar

Zamira Orziqulova

Zamira OrziqulovaMaqolalar soni: 18

Barchasi

Mavzuga oid

Газсиз ҳудудлардаги электр учун 350 кВт/соатлик меъёрдан кимлар фойдалана олади? | Vaqt.uz