Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бир йилда 12 млрд долларга ошди
2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий ташқи қарз 84 млрд доллардан ошди. Сўнгги уч йилнинг мос даврида ташқи қарз 27,5 млрд долларга кўпайган. Vaqt.uz ташқи қарзнинг охирги йиллардаги ўсиш суръатларини ўрганди.

2026-йилнинг биринчи ярми якунига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 84,1 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 12,1 млрд доллар ёки 16,4 фоизга кўп.
Бу ҳақда Марказий банкнинг 2026-йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича мамлакатнинг тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзига оид ҳисоботида маълум қилинди.

Манба: Vaqt.uz | Изоҳ: Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2024–2026-йилларнинг дастлабки ярим йиллик ҳисоботлари асосида солиштирилди.
Ташқи қарз бир чоракда 1,9 млрд долларга ошди
2026-йилнинг I чораги якуни билан таққослаганда, умумий ташқи қарз 1,9 млрд долларга ёки 2,3 фоизга кўпайган. Шундан давлат ташқи қарзи 1,2 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз эса 0,7 млрд долларга ошган.
2026-йил биринчи ярим йиллиги якунида умумий ташқи қарзнинг 41,7 млрд доллари давлат ташқи қарзига, 42,4 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарзга тўғри келган.
Корпоратив ташқи қарз таркибига хусусий сектор, жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз жалб қилинган қарзлар киради. Бундай қарзлар бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмас. Улар бўйича тўловлар хўжалик субъектлари ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бир йилда давлат қарзи 4,8 млрд, корпоратив қарз 7 млрд долларга ошган
2025-йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 72,2 млрд долларни ташкил этган. Шундан 36,8 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 35,4 млрд доллари корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.
Шу тариқа, бир йил ичида давлат ташқи қарзи 4,8 млрд долларга, корпоратив ташқи қарз эса 7 млрд долларга ошган.
2024-йилнинг дастлабки ярим йиллигида эса мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 56,6 млрд доллар бўлган. Унинг қарийб 31 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 25,6 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.
Шундай қилиб, 2024-йилнинг биринчи ярим йиллигидан 2026-йилнинг шу давригача Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 27,5 млрд долларга ошган.
Марказий банк маълумотига кўра, 2026-йил биринчи ярмида Ўзбекистон резидентларининг ташқи мажбуриятлари қолдиғи ҳам йил бошига нисбатан 5,8 млрд долларга ёки 5 фоизга кўпайган.
Ташқи қарз тез ўсаётган бўлишига қарамасдан даромадга нисбатан улуши қисқармоқда — иқтисодчи
Иқтисодчи Миркомил Холбоев ташқи қарзнинг номинал ҳажми тез ўсаётган бўлса-да, унинг мамлакат даромадларига нисбатан улуши камайиб бораётганини таъкидлаган.
Унинг ёзишича, номинал қарзнинг ўсиши қарз юкининг ҳолати ҳақида тўлиқ тасаввур бермайди. Буни баҳолаш учун ташқи қарзни ЯИМга нисбатан солиштириш муҳим.

Манба: Mirkonomika
2026-йил II чораги якунида ялпи ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 48,5 фоизни ташкил қилган. Бу кўрсаткич I чоракка нисбатан 4,4 фоиз бандга камайган.
Холбоевнинг қайд этишича, ушбу кўрсаткич 2025-йил IV чорагида 55,9 фоизга етиб, энг юқори даражани қайд этган. Шундан сўнг кетма-кет икки чорак давомида пасайган ва 2025-йил IV чорагидан буён 7,4 фоиз бандга қисқарган.
У буни ЯИМнинг юқори суръатларда ўсаётгани билан изоҳлайди. Хусусан, 2026-йил II чорагида реал ЯИМ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич бир йил аввалги даврга нисбатан 1,3 фоиз бандга юқори.
Шунингдек, сўмнинг мустаҳкамланиши ҳам долларда ҳисобланган ЯИМ ўсишига таъсир кўрсатган. 2026-йил II чорагида ЯИМни ҳисоблашда фойдаланилган ўртача доллар курси ўтган йилнинг мос чорагига нисбатан 5 фоизга мустаҳкамланган.
Иқтисодчининг ҳисоб-китобига кўра, агар ЯИМнинг ҳозирги ўсиш суръатлари ва ўртача валюта курсидаги ўзгаришлар сақланиб қолса, мавжуд қарз олиш суръати шароитида келаси йил II чорагида ялпи ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 45 фоизгача тушиши мумкин.
Холбоевнинг умумий хулосасига кўра, номинал ташқи қарз ҳажми юқори суръатларда ўсаётган бўлса-да, ҳозирча мамлакат даромадлари қарз ўсишидан тезроқ ўсмоқда. Бу эса қарз юкининг пасайишига олиб келмоқда.
Теглар






