
Қирғизистонда тўй ва кўнгилочар масканлар 22:00 да ёпилади
Қирғизистонда кўнгилочар масканлар фаолиятига қатъий вақт чекловлари жорий этилди. Қарор шовқинни чеклаш ва фуқаролар тинчлигини сақлаш мақсадида қабул қилинган.

Қирғизистонда барча тўйлар, базмлар ва кўнгилочар масканлар фаолияти соат 22:00 да тўхтатилиши шарт этиб белгиланди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев маълум қилди.
Унинг айтишича, чекловлар мамлакатда амал қилаётган «Сукунат тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда. Ташиев бу талаблар аввал қабул қилинган бўлса-да, амалда бажарилмаётганини қайд этди ва эндиликда қоидага қаттиқ амал қилиниши шартлигини таъкидлади.
«Биз резолюция қабул қилдик, лекин у амалга оширилмаяпти. Мен буни қаердан билдим? Яқинда Бишкекдаги ҳамкасбимнинг тўйи ярим тунгача давом этди ва ҳеч ким аралашмади. Жалолободда ҳам шундай; уларнинг тўйи ярим тунгача давом этди ва ҳеч ким ҳеч нарса демади», — деди у.
Ташиевнинг сўзларига кўра, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари мазкур қонун талабларини назорат қилиши лозим. У қоида бузилган ҳолларда соат 22:00 дан кейин фаолият юритаётган ҳар қандай муассасада электр таъминотини тўхтатиш кераклигини билдирди.
«Маҳаллий ҳокимият раҳбарлари, сиз ёзма буйруққа амал қилмаяпсиз. Мен энди расмий буйруқ чиқаряпман: барча байрамлар, кўнгилочар тадбирлар, кафелар, ресторанлар ва тунги клублар соат 22:00 дан кейин ўз фаолиятини тўхтатиши керак. Агар кимдир итоатсизлик қилса, электрни ўчиринг», — деди Ташиев.
Раҳбарнинг баёнотидан сўнг Бишкек ва Ўш шаҳарларида кафе, ресторан ва тунги клубларда кенг кўламли рейдлар ўтказилди. Текширувлар соат 22:00 да бошланиб, кўплаб масканларнинг чекловларга амал қилмаётгани аниқланган. Рейдлар давомида электр энергиясидан тежамкор фойдаланиш ва «Сукунат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этилиши асосий эътиборда бўлди.
Муассаса эгалари кечки соатларда мижозлар оқими юқори бўлишини, чироқни ўчириш талаби бизнес фаолиятига салбий таъсир этаётганини билдирмоқда. Шунга қарамай, расмийлар рейдлар давом эттирилишини, қоидаларни бузганлар эса жазога тортилишини маълум қилган. Маҳаллий маъмуриятлар ва назорат идоралари томонидан бундай текширувлар мунтазам ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Камчибек Ташиев Марказий Осиёдаги давлат раҳбарлари яратган ўзаро ишонч муҳити туфайли яқин келажакда чегарачилар хизматига эҳтиёж қолмаслиги мумкин, деган эди.





