Халқаро акциялар бозорига чиққан Ўзбекистон, ҚҚСнинг 80 фоизи қайтариладиган заргарлар ва Эскроу орқали энг кўп шартнома тузган ҳудудлар — 9-апрел дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон илк бор халқаро акциялар бозорига чиқмоқда
Ўзбекистон илк бор халқаро акциялар бозорига чиқмоқда. Миллий инвестиция жамғармаси маҳаллий компаниялар акцияларини Лондон ва Тошкент биржаларида бир вақтнинг ўзида савдога чиқаради, IPO жараёнини “Franklin Templeton” мувофиқлаштирмоқда. Бу ҳақда Саида Мирзиёева маълум қилиб, ушбу қадам хорижий инвесторлар учун муҳим сигнал экани ва мамлакат глобал қоидалар асосида шаффоф ишлашга тайёрлигини таъкидлади. 2026 йил 25 февралдаги ПҚ–74-сонли қарорга кўра, йил якунига қадар жамғарма устав капиталидаги 30 фоизгача акциялар оммавий таклиф орқали сотилади.
Қарор доирасида корпоратив бошқарувни ривожлантириш, кузатув кенгашларида мустақил аъзолар улушини 50 фоизга етказиш ва давлат иштирокидаги тузилмаларда замонавий бошқарув усулларини жорий этиш белгиланган. Акциялар халқаро ва маҳаллий бозорларда таклиф қилиниб, капитал бозорини ривожлантириши ва инвесторлар учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда. Шу билан бирга, дивидендларни компания ихтиёрида қолдиришга оид ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланади ҳамда муҳим молиявий ва стратегик маълумотлар аввал Жамғарма, сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишилади.
Заргарларга ҚҚСнинг 80 фоизи қайтарилади
Ўзбекистонда заргарлик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун янги солиқ имтиёзлари жорий этилди. Ҳукуматнинг 2024 йил 7 ноябрдаги 745-сон қарорига киритилган қўшимчаларга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва чакана сотиш билан шуғулланувчиларга бюджетга тўланган ҚҚСнинг 80 фоизи қайтарилади. Бу ҳақдаги тартиб 2028 йил 1 январга қадар амал қилади ва соҳада тадбиркорликни рағбатлантириш ҳамда сояни қисқартириш мақсад қилинган.
Тадбиркорлар солиқ ҳисоботини топширгандан сўнг 3 ой ичида қайтариш учун мурожаат қилиши мумкин бўлиб, аризалар автоматлаштирилган дастур орқали кўриб чиқилади. Қайтариш учун солиқ ўз вақтида тўланган бўлиши, тушумнинг камида 80 фоизи заргарлик маҳсулотлари савдосидан шакллангани ва операциялар тўғри идентификация кодлари билан расмийлаштирилгани талаб этилади. Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар учун солиқ базаси маҳсулот сотув нархи билан ундаги қимматбаҳо металл ва тошлар қиймати ўртасидаги ижобий фарқ асосида ҳисобланади.
Яшил энергия ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга ошди
2026 йил январ–март ойларида Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2 млрд 368,2 млн kW/h электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 678,1 млн kW/h га кўп ва 40 фоизлик ўсишни англатади. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ишлаб чиқаришнинг асосий қисми шамол станцияларига тўғри келиб, улар 1 млрд 208,6 млн kW/h энергия берди, қуёш станциялари эса 1 млрд 159,6 млн kW/h электр ишлаб чиқарди.
Ушбу ўсиш натижасида 631 млн куб метр табиий газ тежалди ва атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажми 1,3 млн тоннага камайди. Жорий ҳажм 3,9 млн хонадоннинг уч ойлик ёки 986 минг хонадоннинг бир йиллик эҳтиёжини қоплаш имконини беради. Солиштириш учун, 2025 йилнинг шу даврида 1 млрд 690,1 млн kW/h электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Эскроу орқали энг кўп шартнома тузган ҳудудлар маълум қилинди
1–7 апрел кунлари Ўзбекистонда эскроу механизмлари орқали 6 156 та шартнома рўйхатдан ўтказилди. Шундан 3 904 таси транспорт воситалари олди-сотдисига, 2 252 таси эса кўчмас мулк операцияларига тўғри келди. Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида (1 708 та), шунингдек Фарғона вилоятида (598 та) ва Самарқанд вилоятида (519 та) қайд этилди.
Қашқадарё (350 та), Бухоро (341 та), Хоразм (324 та) ва Сурхондарё (271 та) вилоятларида ҳам маълум фаоллик кузатилган, энг паст кўрсаткичлар Навоий (166 та) ва Сирдарё (136 та) вилоятларида қайд этилган. 1 апрелдан эскроу орқали битимлар учун хизмат ҳақига чекловлар жорий этилган бўлиб, кўчмас мулк учун комиссия БҲМнинг 50 фоизидан (206 минг сўмгача), автотранспорт учун эса 25 фоизидан (103 минг сўмгача) ошмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон қурилиш соҳасида энг кўп хорижий компаниялар Хитой ҳиссасига тўғри келмоқда
2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон қурилиш соҳасида 1 160 та хорижий капитал иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг энг катта улуши Хитойга тегишли бўлиб, 495 та компанияни ташкил этади, бу умумий кўрсаткичнинг қарийб ярмига тенг. Иккинчи ўринда Туркия (273 та) жойлашган, қолган йирик иштирокчилар қаторида Россия (93 та), Қозоғистон (63 та) ва Жанубий Корея (47 та) бор.
Шунингдек, Озарбайжон (35 та), Тожикистон (31 та), Туркманистон (18 та), Ҳиндистон (16 та) ва Қирғизистон (13 та) компаниялари ҳам иштирок этмоқда, яна 76 та корхона бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Хитой компаниялари асосан йирик инфратузилма ва саноат объектларида, Туркия инвесторлари эса турар-жой ва бизнес лойиҳаларида фаол.





