Янги Тошкент аэропорти қурилишига тайёргарлик бошланди

Bugun 20:552 daqiqa

Президентга маълум қилинишича, ҳозирда ҳудуддаги канал, коллектор ва электр тармоқларини кўчириш бошланган, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Янги Тошкент аэропорти қурилишига тайёргарлик бошланди

Янги Тошкент халқаро аэропорти лойиҳаси ҳудудида муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари бошланди, Навоий аэропортида эса «порто-франко» эркин зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тақдимот қилинган вақтда маълум қилинди.

Янги Тошкент халқаро аэропорти лойиҳаси доирасида халқаро молия институтлари талаблари асосида экологик ва ижтимоий таъсирни баҳолаш ишлари ўтказилган. Ҳозирда ҳудуддаги канал, коллектор ва электр тармоқларини кўчириш бошланган бўлиб, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Мазкур аэропорт йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиши, 169 та ҳаво кемаси тураргоҳи ва ҳар бири 4 километрдан бўлган 2 та учиш-қўниш йўлагига эга бўлиши белгиланган.

Ҳудудий аэропортлар ва авиаёқилғи таъминоти

Навоий халқаро аэропортининг тижорат мустақиллиги оширилиб, унга маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан мустақил шартномалар тузиш ҳуқуқи берилди. Аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматлари кўрсатишга ихтисослашган «порто-франко» эркин зонаси ташкил этилади.

2030 йилга бориб бу ерда парвозлар сони 2,3 баробарга оширилиб, йилига 7 мингтага, йўловчи ташиш 150 минг нафарга, юк ташиш эса 45 минг тоннага етказилади. Умумий ҳисобда ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт реконструкция қилинмоқда. Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.

Аэропортлардаги ёқилғи қуйиш мажмуаларининг умумий сиғими ҳозирги 49 минг тоннадан 2030 йилга қадар 80 минг тоннага етказилади, маҳаллий авиаёқилғи ишлаб чиқариш ҳажми эса йилига 600 минг тоннани ташкил этади. Бунинг учун Навоий, Андижон, Бухоро, Урганч ва Янги Тошкент халқаро аэропортларида янги сақлаш қувватлари барпо этилади. Ёқилғини сақлаш ва қуйиш жараёнлари халқаро стандартларга босқичма-босқич ўтказилиб, жорий йилда бу жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади ҳамда тизимли давлат назорати ўрнатилади. Транспорт лойиҳаларида иқтисодий самарадорлик, қурилиш сифати, хавфсизлик ва қулайлик асосий мезон бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Teglar

Mavzuga oid