Тошкент учун 3,5 млрд долларлик инвестиция ва экспорт келишувлари имзоланди

Тошкент шаҳрида дренаж ва ёмғир сувларини чиқариш тизимини модернизация қилиш учун 400 млн долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бу келишув доирасида имзоланган йирик инвестиция пакетининг бир қисми бўлди.

Тошкент учун 3,5 млрд долларлик инвестиция ва экспорт келишувлари имзоланди © Vaqt.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, Хитойнинг Сиан шаҳрида ўтган III Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Форум якунида пойтахт учун умумий қиймати 3,5 млрд доллардан ортиқ инвестиция ва экспорт шартномаларига эришилган. Шундан 3 млрд 350 млн доллари инвестиция лойиҳаларига, 156 млн доллари эса экспорт битимларига тўғри келади.

Ташаббуснинг асосий мақсади

Маълум қилинишича, ташаббусларнинг асосий мақсади Тошкентни аҳоли ва меҳмонлар учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий шаҳарга айлантиришдан иборат. Шу мақсадда транспорт тизими, жамоат жойлари, автотураргоҳлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда экологик ечимларни ривожлантириш режалаштирилган.

Қандай дастур асосида амалга оширилади?

Лойиҳалар EPC+F модели асосида амалга оширилиши белгиланган. Бунда молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ва давлат кафолатларисиз, хитойлик ҳамкорлар томонидан жалб қилинади. Харажатлар эса кейинчалик шаҳар бюджети учун яратиладиган янги даромад манбалари ҳисобидан босқичма-босқич қопланиши кўзда тутилган.

Келишувлар доирасида «Янги Авлод» махсус саноат зонасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хитойнинг Jwise, Zhongke Honghu, CAS Cloud ва UMGG компаниялари билан умумий қиймати 130 миллион долларлик инвестициявий ҳамкорлик битимлари имзоланди. Ушбу келишувлар юқори технологияли ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бизнес инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Қуйидаги йўналишлар бўйича келишувларга эришилди:


Дренаж коллекторлари, ирригация ва ёмғир сувларини четлаштириш тизимини ривожлантириш — 400 млн доллар;

24/7 форматидаги замонавий брендли кўчаларни яратиш — 100 млн доллар;

Реновация ҳудудларида замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаларини қуриш — 500 млн доллар;

ЭПC+Ф асосида БРТ, йўл ўтказгичлар ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш — 1 млрд доллар;

Транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшма инвестициявий лойиҳалар — 1 млрд доллар;

Безак тошларини ишлаб чиқариш — 150 млн доллар;

Чиқиндиларни саралаш учун «ақлли» ускуналар ишлаб чиқариш — 50 млн доллар;

Керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш — 150 млн доллар.

Мутахассислар таъкидлашича, Тошкентда кучли ёғингарчилик пайтида кўчаларни сув босиши муаммоси долзарблигича қолмоқда. Ҳозирги дренаж тизими суткасига 20 ммгача ёғинни қабул қилиш имкониятига эга. Янги бош режага мувофиқ, бу кўрсаткични босқичма-босқич 36 ммгача ошириш мақсад қилинган.

Teglar

Mavzuga oid