Ўзбекистон апрелда 1,5 млрд долларлик олтин сотди

Bugun 19:302 daqiqa

Бунгача ярим йилдан бери олтин сотуви амалга оширилмаётганди.

Ўзбекистон апрелда 1,5 млрд долларлик олтин сотди © Bloomberg

Ўзбекистон ярим йиллик танаффусдан сўнг апрель ойида 1 млрд 503 млн долларлик олтин экспорт қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг ташқи савдо бўйича ҳисоботидан маълум бўлди.

2026-йил январ-апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26,3 млрд долларга етди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 млрд долларга ёки 5,8 фоизга кўпайди.

Ташқи савдода экспорт ҳажми 9,97 млрд долларни ташкил қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 16,8 фоизга камроқ. Импорт эса 26,7 фоизга ўсиб, 16,4 млрд долларга етди. Тўрт ой ичида манфий савдо баланси 6,4 млрд долллар бўлди.

2026-йилнинг дастлабки тўрт ойида 1,5 млрд долларлик олтин экспорти амалга оширилди. Шунга қарамай, бу ўтган йилга нисбатан 72,6 фоизга камроқ. 2025-йилнинг мос даврида 5,5 млрд долларлик олтин сотилганди.

Ярим йилдан бери илк марта олтин сотилган ўтган ойда олтин нархлари мартга нисбатан бироз юқори шаклланди. Ой давомида олтиннинг троя унцияси учун нархи 4 850 долларгача кўтарилди.

Аммо ой охирига келиб глобал нархлар яна пасайди ва олтин нархи 4 500—4 600 доллар оралиғигача тушиб кетди.

Йил бошида эса олтин нархи 5 600 долларлик тарихий рекорд даражада эди. Бироқ, бундай қулай вақтда Ўзбекистон олтин сотмасликка қарор қилди.

Маълумот учун, 1 май ҳолатига кўра мамлакат захиралари 70,9 млрд долларни ташкил қилди. Бунда захираларда олтин миқдори 61,6 млрд доллар бўлиб турибди.

Апрелда захиралардаги олтиннинг физик ҳажми бир неча ойдан бери илк марта пасайганди — 416 тоннадан 413 тоннага.

Аввалроқ, олтинга Ўзбекистон шароитида қандай қилиб инвестиция киритиш ҳақида маълумот берилганди.

Teglar

Mavzuga oid