Россия армияси билан шартнома тузган ўзбекистонликлар сони эълон қилинди
«Яшашни хоҳлайман» лойиҳаси Марказий Осиё фуқаролари ҳақида янги маълумотларни ошкор қилди.

2026 йилнинг май ойи ҳолатига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, Украинадаги урушга жалб қилинган Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг умумий сони 12 919 нафарга етган. Бу ҳақдаги маълумотлар Украинанинг «Яшашни хоҳлайман» («Хочу жить») давлат лойиҳасига таянган ҳолда «Украина — Центральная Азия» Телеграм каналида эълон қилинди.
Тақдим этилган рақамларга кўра, урушга жалб қилинганлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич ҳамон Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мамлакатлар бўйича тақсимот қуйидагича кўринишга эга:
Ўзбекистон — 4955
Тожикистон — 3489
Қозоғистон — 2420
Қирғизистон — 1474
Туркманистон — 581.
Ушбу рақамлар лойиҳа томонидан аниқланган маълумотлар асосида шакллантирилган.
Рақамлардаги ўзгариш
Мазкур лойиҳа жорий йилнинг апрел ойида ҳам январ ҳолатига доир ҳисоботни тақдим этган эди. Ўшанда минтақадан урушга кетганларнинг умумий сони 12 666 нафарни ташкил қилган.
Январ ойидаги ҳолат:
Ўзбекистон — 4853
Тожикистон — 3407
Қозоғистон — 2389
Қирғизистон — 1439
Туркманистон — 578.
Таққослашлар шуни кўрсатмоқдаки, янги ҳисоботда умумий кўрсаткич 253 нафарга кўпайган.

