Россия бозорига уруш бошлангандан бери илк бор бирорта ҳам янги хорижий бренд кирмади
Россия чакана савдо (ритейл) бозорида ҳақиқий турғунлик даври бошланди. 2026 йилнинг дастлабки беш ойи давомида мамлакат бозорига бирорта ҳам янги хорижий бренд кириб келмади — бу Украинага қарши уруш бошланганидан бери кузатилмаган мутлақо рекорд кўрсаткичдир.

Истеъмол талабининг совуши, савдо марказларида одам оқимининг камайиши ва Яқин Шарқдаги уруш туфайли логистиканинг қимматлашгани вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Хўш, Россия бозорини кимлар тарк этмоқда ва россияликлар нималарни сотиб олишдан воз кечишяпти?
Янги брендлар инқирози ва бозорни тарк этаётганлар
«CORE.XP» консалтинг компанияси маълумотларига кўра, Россия бозорида хорижий брендлар фаоллиги йилдан йилга сўниб бормоқда. Таққослаш учун, уруш бошланган 2022 йилнинг мос даврида мамлакатга 16 та, 2025 йилда 9 та янги халқаро бренд кириб келган эди. Ўтган йили умумий ҳисобда 12 та бренд (жумладан, Испаниянинг «Pdpaola», Беларуснинг «Mua» ва Италиянинг «Kappa» маркалари) дўкон очган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич нолга тенг бўлди.
Янгилар келмаётган бир пайтда, эскилари ҳам бозорни тарк этишда давом этмоқда. «Nikoliers» ширкати маълумотига кўра, 2026 йил бошидан буён камида 7 та халқаро бренд, жумладан, Туркиянинг «Les Benjamins» ва «Karaca Home», шунингдек, Қозоғистоннинг «Gaissina» брендлари Россиядан бутунлай кетди. Бозорда қолган компаниялар эса катта инвестиция киритишдан қўрқиб, фақат маркетплейслар ёки маҳаллий дистрибьюторлар орқали эҳтиёткорона фаолият юритишни афзал кўришмоқда.
Савдо марказлари ҳувиллаб қолмоқда
Хорижий инвесторларнинг Россия бозоридан совишига асосий сабаб — аҳоли харид қобилиятининг пасайишидир. Росстат маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида истеъмолчиларнинг ишонч индекси минус 12 фоизгача тушиб кетган. Бунинг оқибатида савдо марказларига ташриф буюрувчилар сони ҳам кескин камайди:
· 2026 йилнинг январь-апрель ойларида моллар ташрифи ўтган йилга нисбатан 2 фоизга камайган.
· Инқирозгача бўлган 2019 йил билан солиштирганда эса харидорлар оқими чорак қисмга (25–26 фоизга) тушиб кетган.
Савдонинг пасайиши нафақат хорижликларга, балки Россиянинг маҳаллий ритейлерларига ҳам зарба берди ва улар ҳам ўз дўконларини оммавий ёпишга мажбур бўлишмоқда.
Яқин Шарқдаги уруш ва логистика зарбаси
Экспертларнинг фикрича, вазият ёмонлашишига АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Узоқ вақт давомида Дубай (БАА) Россия учун энг йирик логистика хаби бўлиб келаётган эди (ўзаро товар айирбошлаш 10 миллиард долларга етган). Аммо Яқин Шарқдаги уруш туфайли юк ташиш тарифлари 30 фоиздан 50 фоизгача қимматлашиб кетди, бу эса янги коллекциялар етказиб берилишини кечиктириб, нархларни янада оширди.
Марказий банк тадқиқотлари Россия аҳолиси ҳозирда қаттиқ тежамкорлик режимига ўтганини кўрсатмоқда. Одамлар қимматбаҳо техника, кийим-кечак, пойабзал ва ҳатто озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишни чеклашган. Ижтимоий сўровномаларга кўра, россияликларнинг 82 фоизи мамлакатдаги иқтисодий вазиятдан хавотирда ва яқин бир йил ичида коммунал хизматлар ҳамда маҳсулотлар нархи уларнинг даромадидан кўра тезроқ ўсишини кутишмоқда.





