Starlink Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган, аммо хизмат қачон ишга тушади?

Марказий Осиё давлатлари Starlink хизматига бирин-кетин уланаётган бир пайтда, Ўзбекистонда хизмат ҳануз ишга тушмаган. VAQT.UZ хизматнинг эҳтимолий нархларини таҳлил қилди ҳамда унинг мамлакатда қачон ишга тушиши бўйича Рақамли технологиялар вазирлигидан изоҳ олди.

Starlink Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган, аммо хизмат қачон ишга тушади?

Марказий Осиё давлатларида сунъий йўлдош интернети — Starlink хизмати кенгайиб бормоқда.

Starlink — бу SpaceX компанияси томонидан яратилган сунъий йўлдош интернет тизими бўлиб, Ердан тахминан 550 километр баландликдаги паст орбитада ҳаракатланувчи минглаб спутниклар орқали ишлайди. Тизим юқори тезлик ва паст кечикишни таъминлайди ҳамда интернет инфратузилмаси яхши ривожланмаган ҳудудларда ҳам барқарор алоқани тақдим этишга мўлжалланган.

Қирғизистон расман тизимга қўшилди, Қозоғистон ва Тожикистон хизматдан фойдаланмоқда, Туркманистонда эса расман ишламаса ҳам, фойдаланувчилар унга йўл топмоқда.

Шу фонда Ўзбекистонда ҳам бир савол яна кун тартибига чиқди: Starlink қачон ишга тушади?

Марказий Осиё бирин-кетин уланмоқда

Қирғизистон. Қирғизистон Starlink ишлайдиган давлатлар қаторига расман қўшилди. Энди мамлакат фуқаролари ўз манзилини киритиб, хизмат мавжудлиги, ҳудуддаги тарифлар ва ускуналар ҳақида маълумот олиши мумкин.

Мамлакатда Mini антеннаси етказиб беришсиз 27 минг 180 қирғиз соми ёки тахминан 310 доллар туради. Standard тўплами эса 36 минг 270 сом ёки 414 доллар этиб белгиланган.

Уй фойдаланувчилари учун ойлик абонент тўлови чекланмаган трафик билан 10 минг сом ёки 114 доллар ташкил қилади. Маълумотларни қабул қилиш тезлиги 135–305 Мбит/с, узатиш эса 20–40 Мбит/с оралиғида.

Бизнес фойдаланувчилари учун эса бир нечта вариант мавжуд:

  • 50 GB — 3 минг 100 сом (35 доллар);

  • 500 GB — 7 минг 900 сом (90 доллар);

  • 1 терабайт — 13 минг 900 сом (159 доллар);

  • 2 терабайт — 25 минг 900 сом (296 доллар).

Тожикистон. Тожикистон ҳам 2026 йил 5 февралдан Starlink хизматидан фойдаланаётган мамлакатлар қаторига қўшилган.

Сунъий йўлдош интернети учун Mini антеннаси етказиб бериш харажатларисиз 2 минг 200 сомони ёки 235 доллар, Standard антеннаси эса 2 минг 700 сомони ёки 288 доллар туради.

Уй фойдаланувчилари учун чекланмаган трафик билан ойлик абонент тўлови 1 минг 100 сомони ёки 117 долларни ташкил қилади. Маълумотларни қабул қилиш тезлиги 135–305 Мбит/с, юбориш тезлиги эса 20–40 Мбит/с оралиғида.

Бизнес фойдаланувчилари маҳаллий устуворлик тарифлари бўйича қуйидаги вариантлардан фойдаланиши мумкин:

  • 50 GB — 385 сомони (41 доллар);

  • 500 GB — 985 сомони (105 доллар);

  • 1 терабайт — 1 минг 735 сомони (185 доллар);

  • 2 терабайт — 3235 сомони (345 доллар).

Қозоғистон. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон сунъий йўлдош интернетини илк қабул қилган давлатлардан бири бўлган. У ерда хизмат 2025 йил 13 август куни ишга туширилган эди.

Дастлаб тизим синов режимида ишлаб, асосан чекка қишлоқлардаги мактабларни интернет билан таъминлаш вазифасини бажарди. Кейинчалик хизмат кенг фойдаланувчилар учун ҳам очилди.

Қозоғистонда хизматдан фойдаланиш учун махсус ускуна сотиб олиш керак. Нархи танланган тарифга қараб 104 минг тангадан 201 минг тангагача бўлиб, бу тахминан 200–390 долларга тенг. Ойлик абонент тўлови эса 23 минг — 52 минг танга ёки тахминан 45–100 доллар оралиғида.

Туркманистон: тақиқ бўлса-да талаб юқори

Минтақадаги энг қизиқ вазият айнан Туркманистонда кузатилмоқда. Мамлакатда Starlink расман ишламаса-да, унга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бунга интернет сифати билан боғлиқ муаммолар, паст тезлик ва юқори нархлар сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, феврал ойидан бошлаб Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан жорий қилинган тармоқни «сустлаштириш» амалиёти ҳам аҳолининг сунъий йўлдош интернетига қизиқишини кучайтирган.

Шу йилнинг апрел ойидан бошлаб Ашхобод ва Аннау шаҳарларида Миллий хавфсизлик вазирлиги, полиция, прокуратура ҳамда алоқа вазирлиги ходимлари иштирокида қўшма рейдлар ўтказилмоқда. Текширувлар тураржой бинолари, офислар ва савдо объектларини қамраб олган бўлиб, асосий эътибор томларга ўрнатилган ускуналарга қаратилган.

Аниқланган Starlink қурилмалари мусодара қилинмоқда, бироқ ҳозирча фойдаланувчининг ўзига қандай жазо қўлланиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. 

Шунга қарамай, юқори тезлик ва нисбатан барқарор интернет учун тўлашга тайёр фойдаланувчилар орасида Starlink оммалашиб бормоқда. Контрабанда йўли билан олиб кирилган терминалларни харид қилиш ва ўрнатиш учун бир марталик харажат тахминан 1–1,5 минг долларни ташкил этади.

Бунинг эвазига фойдаланувчилар ойига 100 доллар тўлаб, 200 Мбит/с дан юқори интернет тезлигига эга бўлмоқда.

Таққослаш учун, Turkmentelecom аҳоли учун энг юқори тариф сифатида атиги 6 Мбит/с тезлик таклиф қилади. Starlink билан таққосланадиган нархдаги тариф — тахминан 112 доллар — фойдаланувчиларга фақат
8 Мбит/с тезлик беради.

Мамлакатдаги энг юқори тезлик — 100 Мбит/с — 6280 доллар эвазига таклиф қилинади ва бу ҳам фақат юридик шахслар учун мавжуд. Чет эл компаниялари учун эса максимал интернет тарифлари ойига 35 минг доллардан ошади.

Бироқ мутахассислар асосий муаммо фақат тезлик эмаслигини таъкидламоқда. Маҳаллий интернет провайдерлари фаолияти кенг кўламли блокировкалар, тез-тез узилишлар ва тармоқни чеклаш амалиётлари билан ҳам тавсифланади.

Шунингдек, Starlink хизмати Грузия, Арманистон ва Озарбайжонда ҳам ишламоқда.

Ўзбекистонда қачон ишга туширилади?

Ўзбекистонда Starlink масаласи бир неча йилдан буён муҳокама қилинмоқда. SpaceX компанияси 2022 йилда мамлакатда йирик лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирган эди.

Дастлаб хизматни 2023 йилда ишга тушириш режалаштирилгани айтилган бўлса, кейинчалик муддат 2025 йилга, ундан сўнг эса яна бир йилга
сурилган.

2026 йил март ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов мамлакатда сунъий йўлдош интернети жорий йилнинг ўзида синов тариқасида ишга туширилиши режалаштирилганини маълум қилган эди.

«Биз чекка ҳудудларни улаш вазифасини ҳал этяпмиз — жорий йилнинг ўзидаёқ сунъий йўлдош интернетини синов тариқасида ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, унинг операторлари учун солиқ имтиёзлари пакети шакллантирилган», — деган эди Арипов.

Унга кўра, мамлакатда кенг полосали интернет қамрови 41 фоиздан 99,5 фоизгача ошган ва энди асосий эътибор сунъий йўлдош технологиялари ёрдамида чекка ҳудудларни қамраб олишга қаратилган.

Starlink харитасида ҳам Ўзбекистон ва Туркманистонга хизмат тез кунда ишга тушиши кутилаётганлиги кўриш мумкин.

1


Screenshot: Starlink

«Уларнинг қилмоқчи бўлаётган режалари ҳақида менда маълумот йўқ»

Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот котиби Шерзод Ахматов VAQT.UZ’га Ўзбекистонда Starlink бўйича ҳозирча аниқ қарор ёки расмий келишув мавжуд эмаслигини айтди.

Унинг таъкидлашича, Starlink хусусий компания ҳисоблангани сабабли вазирликнинг ушбу компания билан бевосита музокаралар олиб бораётгани ҳақида гапириш нотўғри бўлади.

«Бу хусусий сектор ҳисобланади. Агар уларда қандайдир режалар бўлса, уларнинг ўзига мурожаат қилиш керак. Вазирлик улар билан нимадир қиляпмиз, деб айтиш нотўғри бўлади. Уларнинг қилмоқчи бўлаётган режалари ҳақида менда маълумот йўқ», — деди Ахматов.

Шунингдек, унинг айтишича, Ўзбекистон фақат Starlink эмас, бошқа технологик йўналишлар ва давлатлар билан ҳам турли вариантларни ўрганмоқда.

Компания аллақачон рўйхатдан ўтган

2

Қизиқ жиҳати шундаки, 2025 йил 6 август куни “Starlink U-Stan” МЧЖ Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган.

Компаниянинг устав капитали 400 млн сўмни ташкил этади. Унинг 99 фоиз улуши Starlink Holding Netherlands B.V'га, қолган 1 фоизи эса SpaceX Netherlands B.V'га тегишли. Компания раҳбари сифатида Алимов Олимжон Давронович қайд этилган.

Бу компания мамлакатда ҳуқуқий инфратузилмани шакллантириш бошланган бўлиши мумкинлигини кўрсатади, бироқ бу хизматнинг яқин кунларда ишга тушишини англатмайди.

Иқтисодчилар нима дейди?

Қизиғи шундаки, бутун дунё сунъий йўлдош интернетига ўтаётган бир пайтда Ўзбекистонда Starlink қурилмаларига нисбатан ҳуқуқий чекловлар ҳануз сақланиб қолмоқда.

Аввалроқ Самарқандда Starlink қурилмасини ноқонуний олиб кирган фуқарога нисбатан жиноят иши
қўзғатилган эди. Хусусан, «Жартепа» постида тахминан 6 млн сўмлик қурилма аниқланиб, мусодара қилинган.

Starlink атрофидаги муҳокамаларда иқтисодчилар ҳам турли қарашларни илгари сурмоқда. Уларнинг фикрича, масала фақат интернет тезлиги ёки янги хизмат пайдо бўлишида эмас, балки технологияларга бўлган ёндашув ва бозорнинг қанчалик очиқлигида ҳам.

Иқтисодчи Ботир Қобилов Starlink қурилмаларига нисбатан тақиқ ва чекловлар янги технологиялар ривожланишини секинлаштириши мумкинлигини таъкидлади.

«Starlink ускунасини Ўзбекистонга олиб кириш ноқонунийлигини айтиб қолишди. Қонунчиликда шундай ёзилган бўлса, демак бу жуда ёмон қонун. Яна бир бор эслатаман, кўчада 2026 йил. Янги технологиялардан фойдаланишга тақиқлар барчанинг зарарига ишлайди. Агар кимдир тезроқ интернетдан фойдаланаман деса, бундан ғараз ният кўриш керак эмас. Тоққа хайкинг қилгани, кемпинг қилгани чиққанида интернетдан фойдаланаман деб Starlink олиб ишлатса, уйда тезроқ интернетим бўлсин деса Starlinkдан яхшироқ альтернатива йўқ», — дейди Қобилов.

Унинг фикрича, Starlink каби технологияларни маҳаллийлаштиришга уриниш ҳам самара бермайди.

«Дронларга ўхшаб Starlink учун ҳам тақиқ бу ўзимизнинг прогрессни секинлаштиради», — деган у.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов эса Starlink технологиясининг амалий қўлланилишига эътибор қаратган. Унинг фикрича, бундай тизимлар аввало транспорт ва чекка ҳудудлар учун фойдали бўлиши мумкин.

«Идеалда Afrosiyob поездларига ва ҳаво йўллари самолётларига Starlink қўйиш керак. Ўзи умуман, ҳамма чекка қишлоқларда Starlink бўлиши керак. Янги асрга янги коммуникациялар ярашади. Улар керак, келажакдаги рақобатбардошлигимиз учун, энг камида», — дейди Ҳошимов.

Мутахассисларнинг фикрларидан кўринишича, муҳокама марказида фақат янги интернет технологияси эмас, балки Ўзбекистон телекоммуникация бозорининг келажакдаги ривожланиш модели ҳам турибди.

Starlink Ўзбекистонда қанча туриши мумкин?

Starlink Ўзбекистонда қачон ишга тушиши номаълум бўлса-да, Марказий Осиё давлатларидаги амалдаги тарифлар ва мавжуд маълумотлар тахминий нархларни ҳисоблаш имконини беради.

«Beshtor» канали маълумотига кўра, Starlink ва SpaceX Тошкентда аллақачон юридик шахс ташкил этган. Бироқ бу хизмат яқин кунларда ишга тушади дегани эмас. Сунъий йўлдош оператори сифатида ишлайдиган компания учун маҳаллий ҳуқуқий ва техник инфратузилмани шакллантириш зарур бўлади.

Бундан ташқари, тўловларни фискаллаштириш, IP-манзиллар билан ишлаш, сотув ва уланиш тизимини йўлга қўйиш каби қўшимча жараёнлар ҳам мавжуд. Бу босқичларнинг қанча вақт олиши ҳозирча номаълум.

Нархлар масаласида эса қўшни давлатлар муайян тасаввур беради. Қирғизистонда ускуналар 310–414 доллар, Тожикистонда 235–288 доллар, Қозоғистонда эса 200–390 доллар оралиғида сотилмоқда. Ойлик абонент тўловлари эса 45–117 доллар атрофида шаклланган.

Шундан келиб чиқиб, VAQT.UZ таҳлил қилишича, Ўзбекистонда қурилмалар нархи тахминан 250–350 доллар ёки 3–5 млн сўм оралиғида бўлиши мумкин.

Ойлик абонент тўлови эса 90–120 доллар атрофида ёки камида 500 минг сўмдан бошланиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг эвазига фойдаланувчилар чекланмаган трафик ва тахминан 200–300 Мбит/с интернет тезлигига эга бўлиши мумкин.

Бу расмий маълумот эмас. Ҳисоб-китоблар Марказий Осиё давлатларидаги амалдаги тарифлар ва очиқ маълумотлар асосида шакллантирилган.

Davlat

Qurilma narxi

Oylik to‘lov

Qirg‘iziston

310–414 dollar

114 dollar

Qozog‘iston

200–390 dollar

45–100 dollar

Tojikiston

235–288 dollar

117 dollar

O‘zbekiston (taxminan)

250–350 dollar 

90–120 dollar

Марказий Осиё давлатларида Starlink нархлари. VAQT.UZ

Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё давлатлари бирин-кетин Starlink хизматига уланаётган бир пайтда Ўзбекистон ҳали бу йўналишни ўрганиш босқичида турибди. Бироқ компаниянинг мамлакатда рўйхатдан ўтиши ва муҳокамаларнинг фаоллашиши мавзу ҳануз долзарблигини кўрсатмоқда.

Агар хизмат мамлакат бозорига кириб келса, бу фақат янги интернет эмас, балки ҳозир йирик ўйинчилар устунлик қилиб келаётган соҳада рақобат ва фойдаланувчи танловини ошириши мумкин.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 134

Barchasi

Mavzuga oid