Россиядан Ўзбекистонга суюлтирилган газ экспорти 3,5 баробар ошди
Ўзбекистон Россиядан 231 минг тонна пропан ва бутан импорт қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан харид ҳажмини 3,5 баробарга оширди.
© «Xududgaz’ta’minot»«Коммерсант» нашри Kept консалтинг компанияси маълумотларига таяниб хабар беришича, 2026 йил январ–апрел ойларида Россиянинг умумий суюлтирилган газ экспорти 27 фоизга ўсиб, 1,43 млн тоннага етган. Шундан 537 минг тоннаси Марказий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келган бўлиб, бу йўналишдаги ўсиш 71 фоизни ташкил этган.
Газ экспорти ошишининг асосий сабаби
Ўзбекистон минтақадаги энг йирик импортёрлардан бирига айланди. Шу билан бирга, Россиянинг Хитойга суюлтирилган газ экспорти ҳам қарийб 2,5 баробар ошиб, 498 минг тоннага етган. Мутахассислар бу ҳолатни Яқин Шарқдаги кескинлик ортидан денгиз орқали етказиб бериш қисқаргани ва жаҳон бозорида нархлар кўтарилгани билан изоҳламоқда.
Ички бозор нархи
Россия ички бозорида ҳам пропан ва бутан нархлари кескин ўзгарди. Март ойи бошида бир тонна газнинг биржа нархи 21,85 минг рублгача кўтарилган бўлса, май ойи охирига келиб 17,79 минг рублгача тушди. Бу март ойидан кейинги энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилди.
«Пролеум» трейдери раҳбари Максим Дяченко нархлар пасайишини Россия ички бозорида таклиф ортиб кетгани ва экспорт имкониятлари чеклангани билан боғлади. «Rupec» таҳлил маркази раҳбари Дмитрий Семягин эса экспортни кенгайтиришга терминаллар етишмаслиги, вагон-цистерналар танқислиги ва чегаралардаги узоқ тўхтаб қолишлар тўсқинлик қилаётганини айтди.
Ўзбекистон чакана бозор нархи
Ўзбекистонда эса апрел ойида пропаннинг чакана нархи мартга нисбатан 2,8 фоизга арзонлаган. Шу билан бирга, йиллик ҳисобда суюлтирилган газ нархи 16,7 фоизга ошган.
Март ойида Рақобат қўмитаси 31 та пропан етказиб берувчи компанияни сунъий нарх ошириш ва ёқилғи ҳажмини қисқартириш учун 63 млрд сўм жаримага тортган эди.





