Савдоси қарийб 30 фоизга қисқарган «Cobalt» ишлаб чиқариши 20 фоиздан ортиқ ўсди

Kecha 22:552 daqiqa

2026 йилнинг тўрт ойида Ўзбекистонда 150 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилган. Энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль эса анъанавий тарзда ҳали ҳам «Cobalt» бўлиб қолмоқда.

Савдоси қарийб 30 фоизга қисқарган «Cobalt» ишлаб чиқариши 20 фоиздан ортиқ ўсди © uzavto

2026- йил январ–апрел ойларида Ўзбекистонда жами 150 726 дона автомобиль ишлаб чиқарилди. Шундан 148 859 донаси енгил автомобиллар, 1 867 таси эса юк автомобиллари сонига тўғри келди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 11 фоизга ўсган. 2025 йилнинг январь-апрель ойларида 136 799 дона автомобиль ишлаб чиқарилганди.

Алоҳида моделлар кесимида қаралганда, энг катта ўсиш «Cobalt»да кузатилди. Унинг ишлаб чиқариш ҳажми 44 747 донадан 53 802 донагача кўтарилди.

Шунингдек, «Haval» 2 634 донадан 3 425 донага, «Tracker» 14 092 донадан 14 518 донага, «BYD» эса 4 267 донадан 7 011 донагача кўпайди. Ўтган ойларда пасайиш кузатилган «KIA» ҳам 8 680 донадан 8 882 донагача ўсди.

Бироқ айрим моделларда ишлаб чиқариш ҳажми камайгани кузатилди. Жумладан, «Damas» ишлаб чиқариш ҳажми 29 955 донадан 28 352 донага тушди. «Onix» 15 236 донадан 12 259 донага, «Chery» эса 2 773 донадан 2 572 донага камайди. Ушбу автомобиль моделларида сўнгги 4 ойдан буён пасайиш кузатилмоқда.

photo_2026-05-30_20-48-20

Манба: Статистика қўмитаси

Бозордаги ҳолат

2026 йилнинг январ-апрел ойларида Ўзбекистонда 121 601 дона автомобиль сотилган.

Йил бошидан бери сотилган автомобиллар сонида «UzAuto Motors» улуши биринчи марта 50 фоиздан пастга тушиб, 47,8 фоизни ташкил қилди.

Таққослаш учун, бундан икки йил аввал автомобиль ишлаб чиқарувчисининг улуши 90 фоиз атрофида эди. Бу даражада юқори пасайиш кўпроқ «Khorezm Auto»да ишлаб чиқариш кўпайиши ҳисобига бўлди.

Маълумот учун, «Damas» ва «Labo» айнан Хоразмда ишлаб чиқарилади. Бироқ, «Khorezm Auto»нинг улуши билан ҳам «UzAuto Motors» улуши 77,8 фоизни ташкил қилган бўларди.

«UzAuto Motors» фойдаси ҳам 2026 йилда пасайишни бошлаган. Йилнинг дастлабки чорагида компания ўтган йилга нисбатан 16 фоизга камроқ фойда олди ва соф фойда 648,3 млрд сўмни ташкил қилди.

Автоконсерн улуши пасайишига «BYD», «KIA», «Haval» ва «Chery» каби брендлар остида автомобиллар савдоси кўпайгани сабаб бўлди.

Шунга қарамай, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан «Chevrolet» бренди остида сотилган автомобиллар сони 88 216 тадан 95 727 тагача кўпайди.

Бироқ, «BYD» ва «KIA» бренди остидаги автомобиллар савдоси ҳам сезиларли кўпайди. «BYD» гибрид ва электр автомобиллари савдоси 5 953 тадан 10 927 тага кўпайди.

Энг оммабоп модель — «Cobalt» савдоси пасайишда давом этмоқда. Йил бошидан бери 29 923 та «Cobalt» савдоси амалга оширилган. Бу ўтган йилги кўрсаткич — 42 504 донага нисбатан қарийб 30 фоизга камроқ.

Teglar

Mavzuga oid