Янги қонун: Ўзбекистонда исломий банк ва молия операциялари тартиби белгиланди

Бугун 16:382 дақиқа

Исломий молия тизими Ўзбекистонда расман жорий этилмоқда. Қонун банк операциялари ва ҚҚС имтиёзларини белгилади.

Янги қонун: Ўзбекистонда исломий банк ва молия операциялари тартиби белгиланди

Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақдаги тегишли қонун кеча, 27-март куни қабул қилинди.

Унга кўра, банкнинг исломий молия операциялари жумласига қуйидагилар киради:

*фойдани тақсимлаш шарти асосида мижозни молиялаштириш ёки пул маблағларини инвестициявий омонатларга жалб этиш;

*вакиллик шартномаси орқали пул маблағларини бериш ёки инвестициявий омонатларга жалб этиш;

*товарни насияга сотиш орқали мижозни молиялаштириш;

*товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш орқали мижозни молиялаштириш;

*биргаликдаги фаолиятни (шерикчилик) амалга ошириш ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали мижозни молиялаштириш;

*мол-мулкни исломий ижарага бериш (сотиб олиш ҳуқуқи билан).

Ўзбекистонда банк фаолиятини амалга оширишга ушбу Қонунда белгиланган тартибда ташкил этилган ва Марказий банк томонидан бериладиган тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар ҳақлидир.

Мазкур лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади ва лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.

Исломий молия операцияларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Қонунга кўра, Марказий банкда 5 нафар аъзодан иборат бўлган Марказий банкнинг исломий молия кенгаши ташкил этилади.

Исломий молия фаолияти доирасида жами даромадлар таркибига қуйидаги даромадлар киритилади:

*исломий молия фаолияти бўйича мукофот тарзидаги даромад;

*исломий суғурта ва исломий қайта суғурта ташкилотининг суғурта, қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича даромади.

Қуйидагилар ҚҚС солишдан озод қилинади:

*исломий қимматли қоғозлар (сертификатлар) билан боғлиқ операциялар.

*исломий молия фаолияти доирасида ишончли бошқарув (воситачилик) шартномалари асосида банк ва микромолия ташкилоти томонидан ишончли бошқарувнинг муассисига (комитентга) пулли асосда кўрсатилган хизматлар;

*исломий молия фаолияти доирасида мол-мулкни молиявий ижарага (исломий ижарага) беришда ушбу мол-мулкни молиявий ижарага (исломий ижарага) бериш бўйича барча ижара тўловлари суммаси ва сотиб олиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ;

*банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан исломий молия фаолияти доирасида тузиладиган шартномалар бўйича мижозга (харидорга) реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама.

Исломий молия фаолияти доирасида кўчмас мулкларни молиявий ижарага (исломий ижарага) берувчи банклар ва микромолия ташкилотлари мол-мулк солиғи тўловчилари деб эътироф этилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид