Заправкаларда «момент карта» орқали тўлов жорий этилади — Марказий банк

АЁҚШларда картасиз ёки маблағсиз ҳолатда ҳам ёқилғи учун жойида тўлов қилиш имконияти яратилади.

Заправкаларда «момент карта» орқали тўлов жорий этилади — Марказий банк

Тошкент шаҳрида нақдсиз пул айланмаси тизимини ривожлантиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилмоқда. VAQT.UZ мухбири хабарига кўра, унда ёқилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) ҳайдовчилар картаси уйда қолиб кетган ёки ҳисобида маблағ етарли бўлмаган ҳолатларда ҳам хизматдан фойдаланиш имконини яратиш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаевнинг таъкидлашича, ҳайдовчи ёқилғи қуйиш учун келганда хизматдан фойдалана олмасдан чиқиб кетмаслиги керак.

«Ҳайдовчи ёқилғи қуйиш учун кирганда картаси уйда қолган ёки ҳисобида маблағи етарли бўлмаса ҳам, иши битмасдан чиқиб кетмаслиги керак», — деди Сайдуллаев.

Унинг айтишича, бундай ҳолатларда муаммони фақат мижоз зиммасига юклаш тўғри эмас. АЁҚШлар ва тижорат банклари ҳамкорликда ечим ишлаб чиқмоқда.

Хусусан, «момент карта» — яъни лаҳзали карталар тизими жорий этилади. Бу орқали ҳайдовчи АЁҚШнинг ўзида қисқа вақт ичида карта расмийлаштириб, тўловни амалга ошириши мумкин бўлади.

Бу хизмат кўрсатиш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаб, ҳайдовчилар учун қўшимча қулайлик яратади. Шу билан бирга, банклар ва АЁҚШлар учун ҳам мижозлар айланмасини ошириш имконини беради.

«Бу муаммони фақат фуқаронинг зиммасига юклаш эмас, балки банклар ва тадбиркорлар билан биргаликда ҳал қилиш зарур», — деди Нодирбек Сайдуллаев.

Теглар

Мавзуга оид