1 мартдан газ нархлари оширилмайди
Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этиб, тўловлар эски тарифда амалга оширилишини, бироқ 1 мартдан бошлаб қиш мавсумида белгиланган ижтимоий меъёр ўзгарганини билдирди.

Ўзбекистонда 1 мартдан табиий газ нархи оширилмайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Вазирлик таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда тарқалган «1 мартдан газ нархи ошди» мазмунидаги хабарлар асоссиз. Нархлар ўзгармаган, фақат 1-мартдан қиш мавсумида амал қилган ижтимоий меъёр ўзгаради.
Ижтимоий меъёр ўзгаради
Вазирлик баёнотига кўра, иситиш мавсумида газ истеъмоли бўйича «базавий меъёр» 100 куб метрдан 500 куб метргача оширилган эди. Ноябр–феврал ойларида ҳар ой учун 500 куб метргача, март–октябр ойларида эса 100 куб метргача «базавий меъёр» белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ушбу тартиб октябр–феврал ойларида амал қилади. Шу сабабли 2026 йил 1 мартдан 31 октябрга қадар барча ҳудудларда ҳар ой учун 100 куб метргача «базавий меъёр» қўлланилади.
Эҳтиёжманд оилаларга компенсация
Шу билан бирга, Президент қарорларига мувофиқ, эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан ҳар ой компенсация берилади.
Электр энергияси бўйича ойига базавий меъёрдан ортиқ 150 кВт/соатгача, табиий газ бўйича қиш ойларида 250 куб метргача, бошқа ойларда 150 куб метргача ортиқча сарфланган қисми қоплаб берилади. Илгари бу имтиёз фақат қиш мавсумида амал қилган бўлса, ҳозирда йил давомида тақдим этилмоқда.





