Logo

«100 йил туради» дейилиб, 1,5 йилда ўпирилган кўприк бўйича суд ҳукми, «New Port» қурилишидаги қонунбузарликлар ва Ўзбекистонда иштирокини кенгайтираётган Хитой — 5 август дайжести

Kecha 22:393 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«100 йил туради» дейилиб, 1,5 йилда ўпирилган кўприк бўйича суд ҳукми, «New Port» қурилишидаги қонунбузарликлар ва Ўзбекистонда иштирокини кенгайтираётган Хитой — 5 август дайжести

«Самарканд-2028» сунъий йўлдоши космосга учирилди

Хитойнинг Шандун провинцияси яқинидаги денгиз платформасидан «STAR.VISION» компанияси «Самарқанд-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошларини муваффақиятли орбитага чиқарди. Лойиҳа доирасида «Ўзбеккосмос» мутахассислари сунъий интеллект модулини ишлаб чиққан бўлиб, у маълумотларни орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини беради.

Вазирликка кўра, «Самарқанд-2028» қишлоқ хўжалиги, экология, сув ресурслари, фавқулодда вазиятлар мониторинги ва шаҳарсозлик соҳаларида қўлланилади. Йўлдош номи эса 2028 йилда Халқаро астронавтика конгресси Самарқандда ўтказилиши муносабати билан танланган.

Хитой Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтирмоқда

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми 7,7 млрд долларга етди ва Хитой мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкорига айланди. Шу даврда Ўзбекистондаги Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони 6060 тага етди. Хитойдан келган ташриф буюрувчилар сони ҳам кескин ошиб, ярим йилда 223 минг нафардан ошди.

Материалда, шунингдек, Хитойнинг Марказий Осиёдаги иштироки ҳам кенгаяётгани қайд этилган. Қозоғистон билан молиявий ҳамкорлик ва рақамли тўловлар, Тожикистон билан савдо ва энергетика, Қирғизистонда транспорт ҳамда Туркманистонда газ соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мирзо Улуғбекдаги қулаган йўл ишида 6 киши айбдор деб топилди

2026 йил март ойида Мирзо Улуғбек туманидаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, фойдаланишга топширилганига 1,5 йил бўлган туннел йўли атрофидаги йўл ўтказгич қулаши ортидан олиб борилган тергов якунланди. Суд қурилиш учун масъул бўлган олти нафар шахсни бюджет маблағларини талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги ва қалбаки ҳужжатлар расмийлаштиришда айбдор деб топди.

Экспертизалар қурилиш жараёнида геосетка тўлиқ ўрнатилмагани, бетон қуйиш қоидалари бузилгани, дренаж тизими ва сув чиқариш иншоотлари барпо этилмагани, арматуралар лойиҳадан четга чиққан ҳолда жойлаштирилганини аниқлади. Суд ҳужжатларига кўра, бу камчиликлар объектнинг қулашига асосий сабаб бўлган. Тергов давомида бажарилмаган ишлар ҳужжатларда бажарилган деб кўрсатилгани ва сифати талабга жавоб бермайдиган қурилиш ишлари орқали давлатга 7,38 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди. Бу маблағ судга қадар тўлиқ қопланган.

Суд ҳукмига кўра, беш нафар айбдорга 116,25 млн сўмдан, яна бир нафарга 112,5 млн сўм жарима тайинланди. Шунингдек, уларнинг барчаси бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Ўзбекистон Қирғизистонга ойига 20 минг тоннага яқин нефт маҳсулоти бермоқчи

Қирғизистон Россиядан ёқилғи етказиб бериш қийинлашаётгани сабаб таъминотни диверсификация қилмоқда. Мамлакат ҳукумати маълум қилишича, Ўзбекистон импорт қилинган нефтьни қайта ишлаб, ойига тахминан 20 минг тонна нефт маҳсулоти етказиб беришга тайёр.

Қирғизистон шунингдек Беларус ва Хитойдан ҳам ёқилғи импорт қилишни йўлга қўймоқда. Ҳукумат бензин нархи босқичма-босқич ошиши мумкинлигини билдириб, айни пайтда АИ-92 бензини, дизел ва суюлтирилган газ нархлари давлат субсидиялари ҳисобига ушлаб турилганини маълум қилди.

«Nеw Port»да яна қонунбузилиши: мажмуанинг 6 та блокида ноқонуний қурилиш олиб борилган

Қурилиш инспекцияси Тошкентдаги «New Port» тураржой мажмуасидаги 9 та блокдан фақат 3 таси барча рухсатнома ва экспертиза ҳужжатлари билан расмийлаштирилганини, қолган 6 та блокда қурилиш ишлари қонунчилик талабларисиз олиб борилганини маълум қилди.

Инспекцияга кўра, қурувчи компания бир неча марта огоҳлантирилган ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Аввалроқ мазкур мажмуада рухсатномасиз қурилишлар ва уйларни ноқонуний бузиш ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Teglar

Mavzuga oid

«100 йил туради» дейилиб, 1,5 йилда ўпирилган кўприк бўйича суд ҳукми, «New Port» қурилишидаги қонунбузарликлар ва Ўзбекистонда иштирокини кенгайтираётган Хитой — 5 август дайжести | Vaqt.uz