Logo

Президент администрацияси тўғрисидаги конституциявий қонун, Тошкентнинг 10 ҳокими устидан текширув ва «New Port» қурувчиларига очилган жиноят иши — 4 август дайжести

Bugun 22:553 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Президент администрацияси тўғрисидаги конституциявий қонун, Тошкентнинг 10 ҳокими устидан текширув ва «New Port» қурувчиларига очилган жиноят иши — 4 август дайжести

Тошкентнинг 10 та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномаси асосида пойтахтнинг 10 та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида фармойиш имзолади. Текширув Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Яшнабод туманлари ҳокимларини қамраб олади.

Текширувни махсус комиссия ўтказади. У агентлик келтирган важларни ўрганиб, хулоса тайёрлайди. Ҳозирча тақдимномада қайси ҳолатлар қайд этилгани ва хизмат текшируви натижалари очиқланмаган.

Ноқонуний уй қурган қурилиш компаниясига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳар прокуратураси «New Port» тураржой мажмуаси бўйича текширувда уйлар мажбурий кўчириш жараёни якунланмасидан бузилгани ҳамда қурилиш компанияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Шунингдек, ҳудудда битта 20 қаватли, иккита 19 қаватли ва битта 12 қаватли тураржой биноси тегишли рухсатномасиз қурилгани аниқланган.

Прокуратурага кўра, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда уйи бузилган фуқароларга компенсация тўланмаётгани ҳақида мурожаатлар тарқалган эди.

Президент администрацияси тўғрисида конституциявий қонун қабул қилиниши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Президент администрациясининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва давлат бошқаруви тизимидаги ўрнини конституциявий қонун даражасида белгилашни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, Президент администрацияси давлат раҳбари томонидан шакллантирилади ва унинг раҳбари президент томонидан тайинланади ҳамда озод этилади. Шунингдек, администрациянинг давлат органлари, жумладан комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан ҳамкорлик тартиби ҳам қонун даражасида мустаҳкамланиши кўзда тутилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигининг 587,2 млн сўмлик тендери бекор қилинди

Рақобат қўмитаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эълон қилган 587,2 млн сўмлик марказлашган тадбирларни ташкил этиш хизмати бўйича тендерда қонунбузилишлар аниқланганини маълум қилди. Текширув ижтимоий тармоқларда тарқалган танқидий материалдан сўнг ўтказилган.

Ўрганишлар давомида тендерда рақобатни чеклаши мумкин бўлган шартлар мавжудлиги аниқланган. Шундан сўнг Рақобат қўмитаси сўрови асосида вазирлик мазкур тендер савдосини белгиланган тартибда бекор қилди.

Пойтахтдаги Қатортол кўчаси ва бозори атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузилмоқда

Тошкентнинг Қатортол кўчаси ва бозори атрофидаги ноқонуний қурилмалар суд қарорлари асосида бузилмоқда. Ҳокимликка кўра, бу ишлар пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат жойларини тартибга келтириш ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Бузилаётган объектлар орасида «Номдор» тамаддихонаси ҳам бор. Туман ҳокимлиги маълум қилишича, объект рухсатномасиз қурилгани учун суд уни ноқонуний деб топган. Тадбиркорга бошқа жойда фаолият юритиш имконияти тушунтирилган, ишсиз қолаётган ходимларни иш билан таъминлашда ҳокимлик кўмак бериши билдирилган.

Teglar

Mavzuga oid