2025 йилда Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келганлар сони маълум қилинди
2025 йилда мамлакатга доимий яшаш учун келганлар сони аввалги йилларга нисбатан қарийб икки баробар қисқарган.

2025 йилда Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келганлар сони 1 159 нафарни ташкил этди. Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,9 бараварга, 2023 йилга нисбатан эса 2,5 бараварга камайган. Бу ҳақда «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти хабар берди.
Доимий яшаш учун кўчиб келганларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади — 60,2 фоиз. Шунингдек, Тошкент вилояти 23,7 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси эса 8,7 фоиз улуш билан кейинги ўринларни эгаллаган.
Маълумотларга кўра, аҳоли сони кўплиги бўйича Тошкент шаҳри мамлакатда 6-ўринда, Тошкент вилояти 7-ўринда, Қорақалпоғистон Республикаси эса 11-ўринда туради. Бу эса миграция оқимлари асосан иқтисодий ва инфратузилмавий имкониятлар юқори ҳудудларга йўналганини кўрсатади.
2025 йилда кўчиб келганларнинг қайси давлат фуқаролари экани очиқланмаган. Бироқ 2024 йил якунларига кўра, доимий яшаш учун келганларнинг 36,5 фоизи Россия Федерацияси, 24,2 фоизи Қозоғистон, 10,8 фоизи Тожикистон, 6,9 фоизи Қирғизистон, 2,5 фоизи Туркманистон ва 19,1 фоизи бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келган эди.
Шунингдек, ўтган йилда доимий яшаш учун келганларнинг 61,5 фоизи Тошкент шаҳрига, 18,3 фоизи Тошкент вилоятига, 8,2 фоизи Қорақалпоғистон Республикасига, 4,6 фоизи Фарғона вилоятига ва 7,4 фоизи бошқа ҳудудларга жойлашган.



