2026 йилги Африка куни: Қитъа ҳақиқий озодликка эришганми?
Африкаликлар «суверенитет» тушунчасини қайта англаётган бир пайтда, 2026 йилги Африка куни ҳокимият, ташқи қарз ва рақамли назорат масалаларини яна кун тартибига олиб чиқмоқда.
© aljazeera.com1963 йилнинг 25 майида қитъа етакчилари Африка Бирлиги Ташкилотига (OAU) асос солиш учун Аддис-Абебада жамланганида, бу воқеа қитъа озодлигининг ёрқин рамзига айланган эди. Кўпчилик ушбу санани ҳанузгача «Африкани озод қилиш куни» деб атайди.
«Al Jazeera» 2026 йилги Африка куни муносабати билан қитъадаги иқтисодий ва рақамли ҳолат ҳақида ўз таҳлилини эълон қилди. Қуйида ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Орадан олтмиш уч йил ўтиб, 2026 йилги Африка куни нишонланаётган бир пайтда, «ҳақиқий озодлик ўзи нима?» деган савол ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Бир вақтлар фақат мустақил давлат байроғи ва мадҳияси билан ўлчанган бу тушунча бугунги кунда бойлик, технология ва глобал таъсир доираларини ким назорат қилаётгани ҳамда бу назорат бутун қитъа аҳолисининг кундалик ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларга бориб тақалмоқда.
Кекса авлод учун Африка куни — қитъа тарихини тубдан ўзгартирган мустамлакачилик тузуми ва сиёсий зулм устидан қозонилган машаққатли ғалабани эслатувчи, чуқур ҳиссий аҳамиятга эга тарихий сана.
«Биз ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқи учун курашдик. Бу сиёсий озодликни шунчаки ўз-ўзидан келган нарса сифатида қабул қилиб бўлмайди», — дейди Кениянинг Мачакос шаҳрида яшовчи 74 ёшли нафақадаги давлат хизматчиси Мзе Жосфат Киманти «Ал-Жазира» билан суҳбатда.
Авлодлар ўртасидаги тафовут
Бироқ Киманти авлодлар ўртасидаги тафовут тобора кенгайиб бораётганини, «мустақиллик давридаги ваъдалар бугунги воқеликда ўзини оқламади» деган қарашлар кучайиб бораётганини ҳам тан олди.
«Биз сиёсий эркинлик ўз-ўзидан иқтисодий эркинликни ҳам олиб келади, деб ўйлаган эдик. Бунинг ўрнига, бугун набираларимнинг биз рози бўлмаган ташқи қарзлар юки остида, қимматчилик ва ҳаётнинг оғирлигидан қийналаётганини кузатиб турибман», — дейди у.
Кўплаб таҳлилчилар ва ёш африкаликлар учун бугунги кунда «озодлик» тушунчасининг марказида пул, иш ўринлари ва иқтисодий назорат масалалари турибди. Энди мунозаралар байроқ, чегара ёки мадҳия каби рамзлардан кўра, кўпроқ «Иқтисодиётни ким назорат қиляпти?», «Молиявий қарорларни ким қабул қилмоқда?» ва «Охир-оқибат қитъадаги иқтисодий ўсишдан ким манфаат кўряпти?» қабилидаги чуқурроқ саволлар атрофида айланмоқда.
Африканинг қатор давлатларида ўсиб бораётган ташқи қарз юки энг асосий муаммога айланди. Оқибатда ҳукуматлар ўз бюджет харажатларини тақсимлашда тобора кўпроқ чекловларга дуч келмоқда. Кўп ҳолларда давлатнинг фискал сиёсати халқаро молия институтлари билан олиб бориладиган музокаралар орқали белгиланмоқда ва бу маҳаллий ҳукуматларга мустақил қарор қабул қилиш учун жуда кам имконият қолдирмоқда.
Шу билан бирга, қитъа ҳукуматлари Ғарб давлатлари, Хитой, ривожланаётган йирик иқтисодиётлар ҳамда БРИКС каби блоклар ўртасидаги муносабатларда мувозанатни сақлашга уринмоқда. Бу йирик ўйинчиларнинг ҳар бири ўз манфаатлари ва таъсир доирасини кўзлаган ҳолда, қитъа давлатларига турли сармоялар, кредитлар ёки стратегик ҳамкорлик лойиҳаларини таклиф этмоқда.
Ташқи қарз босими ва рақамли қарамлик
Кения Мультимедиа университетининг Ижтимоий фанлар факультети профессори Пол Мбатиа «Ал-Жазира» билан суҳбатда бу ҳолатни шундай изоҳлади: «Токи қитъа ўзи истеъмол қилмайдиган маҳсулотни ишлаб чиқарар экан ва ўзи ишлаб чиқармайдиган маҳсулотни истеъмол қилар экан, бу ерда ҳақиқий озодлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас».
Бир вақтлар кенг имкониятлар, инклюзивлик ва иқтисодий ўсишга олиб борувчи ягона йўл сифатида қаралган рақамли технологиялар бугунги кунга келиб эгалик ҳуқуқи, назорат ва узоқ муддатли қарамлик каби мураккаб масалаларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда. Бу борада асосий эътибор «Рақамли тизимларни ким яратяпти?», «Маълумотлар базасига ким эгалик қиляпти?» ва «Рақамли иқтисодиётдан аслида ким кўпроқ фойда кўрмоқда?» деган муаммоли саволларга қаратилмоқда.
Кўплаб сиёсатчиларнинг таъкидлашича, Африка тараққиётининг кейинги босқичи қуруқ сиёсий идеологияга эмас, балки аниқ иқтисодий қадамларга боғлиқ. Яъни, минтақа давлатлари ўз табиий ресурслари, меҳнат кучи ва инновацияларидан фойдаланган ҳолда, бойликларни хорижга ташиб кетмасдан, уларни қитъанинг ўзида сақлаб қолувчи ҳақиқий саноат тармоқларини ярата оладими ёки йўқ — барчаси шунга бориб тақалади.
Уларнинг фикрича, бу борадаги ҳақиқий синов шундаки: ушбу интилишлар Африка иқтисодиётида жиддий таркибий ўзгаришларни ясайдими ёки шунчаки сиёсий минбарлардаги баландпарвоз ваъдаларлигича қолиб, реал ҳаётда ҳеч қандай натижа бермайдими — буни вақт кўрсатади.
Рақамли жанг майдони
Таъсир доираси учун курашнинг янги фронтига айланган рақамли иқтисодиётда ҳам бу ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда.
Мобил тўлов тизимлари, сунъий интеллект ва рақамли инфратузилма Найроби, Лагос ва Кигали каби шаҳарларда жадал ривожланиб, уларни қитъанинг энг йирик технология хабларига ва тез ўзгараётган рақамли ландшафтнинг асосий рамзларига айлантирмоқда.
Бироқ танқидчиларнинг огоҳлантиришича, бундай жадал ўсишга қарамай, базавий рақамли инфратузилманинг катта қисми ҳамон Африка ташқарисидан назорат қилинмоқда. Сувости кабеллари, маълумотлар марказлари ва булутли технологиялар кўпинча трансмиллий технологик корпорациялар томонидан молиялаштирилади, қурилади ва айнан уларнинг эгалигида қолади.
Аккрадаги Африка рақамли бошқарув марказининг технология сиёсати бўйича таҳлилчиси Амина Осейнинг фикрича: «Рақамли эксплуатация — бу неоколониализмнинг (янги мустамлакачиликнинг) янги чегарасидир».
«Агар Африканинг рақамли маълумотлари ташқарига ташиб кетилса, хорижий серверларда қайта ишланиб, сўнгра ўзимиз пул тўлаб фойдаланадиган тизимлар кўринишида ўзимизга қайта сотилса, демак, биз шунчаки эски мустамлакачилик назоратини рақамли қарамликка алмаштирган бўламиз. Бугунги кундаги ҳақиқий эркинлик — бу ўз технологиямизга эгалик қилиш, маълумотларимизни ҳимоя қилиш ва миллий платформаларимизни яратиш салоҳиятига эга бўлиш демакдир», — дейди у.
Тарихий ғурур ва бугунги умидсизлик ўртасидаги бу зиддият Африка кунининг моҳиятини англашда авлодлар ўртасидаги тафовутни янада чуқурлаштирди. Бугунги кунда қитъа аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини 25 ёшга тўлмаган ёшлар ташкил этади. Уларнинг кўпчилиги 1960-йиллардаги мустамлакачиликка қарши кураш шиорлари бугунги кундалик ҳаётдаги ишсизлик, ошиб бораётган харажатлар ва иқтисодий ноаниқлик каби реал муаммоларни акс эттира олмаслигини таъкидламоқда.
Озодликка энди аллақачон тугалланган тарихий лаҳза сифатида эмас, балки ҳамон давом этаётган мураккаб жараён сифатида қаралмоқда. Сиёсий мустақиллик фақатгина пойдевор яратиб берди, холос. Кўпчиликнинг фикрича, тараққиётнинг кейинги босқичи ҳақиқий иқтисодий мустақилликни, рақамли суверенитетни ва кучли жамоатчилик назоратини талаб қилади.





