Россия ҳудудида чорва молларини оммавий равишда сўйиш бошланди
Иркутск округининг айрим ҳудудларида нодуляр дерматит хавфи туфайли фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.
© PROMEATРоссиянинг Иркутск областида маҳаллий фермерлардан чорва молларини, жумладан, сигир, эчки, қўй ва чўчқаларни сўйиш учун олиб қўйиш бошланди. Ушбу чора ҳукумат томонидан уй ҳайвонлари орасида нодуляр дерматит касаллиги тарқалгани эълон қилингани ортидан амалга оширилмоқда.
Бундан олдин Иркутск округининг бир қисмида фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган эди. Маъмуриятнинг хабар беришича, карантин ҳудудига Бутырки ва Коты қишлоқлари киритилган.
5 сентябр ҳолатига кўра, «майда шохли чорва молларининг ноқонуний олиб кирилиши» оқибатида саккизта эпизоотик ўчоқ аниқланган.
Аҳоли норози
Иркутск области губернатори Игор Кобзёв маълум қилишича, икки аҳоли пунктида 96 бош йирик шохли қорамол касалланган. Ҳокимият зарарланган ҳайвонларни йўқ қилиш ва карантин ҳудудида назоратни кучайтиришга қарор қилган.
Ўз навбатида, маҳаллий аҳоли сўйиш учун олиб қўйилаётган чорва моллари учун тўланадиган товон пулининг жуда озлигидан норозилик билдирган.
Жорий йилнинг бошида Россиянинг бир нечта ҳудудларида чорва молларининг оммавий мусодара қилиниши ва йўқ қилиниши минглаб фермерларга таъсир кўрсатган эди. Ўшанда жами 90,5 минг бош чорва сўйилган бўлиб, бу 1,59 миллиард рубл миқдоридаги тўғридан-тўғри зарарга ва яна 368 миллион рубл қўшимча йўқотишларга олиб келган.





