2026 йилги қоида 2025 йилга татбиқ этилмайди: суд солиқ органи қарорини ҳақиқий эмас деб топди
Тошкент вилоятидаги якка тартибдаги тадбиркор 2025 йилдаги фаолияти асосида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олиниб, ҳисоб рақамидан 23,7 млн сўмдан ортиқ маблағ ечиб олинган. Бизнес-омбудсман аралашувидан сўнг суд мазкур қарорни ҳақиқий эмас деб топди.
© istockТошкент вилоятида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Д.А. уни қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида ноқонуний рўйхатга олиш ва ҳисоб рақамидан мажбурий тартибда маблағ ечиб олиниши юзасидан Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Бизнес-омбудсман матбуот хизмати маълум қилишича, вилоят солиқ бошқармаси 2026 йил январь ойида тадбиркорга юборилган хабарнома асосида уни 2025-йилдаги фаолияти натижаларига кўра автоматик тарзда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олган. Шунингдек, 2026 йил февраль ойидаги товар айланмасидан 23,7 млн сўмдан ортиқ ҚҚС маблағи мажбурий тартибда ҳисобдан чиқарилган.
Солиқ органи бунда 2026-йил 1-январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 462-моддасига таянган.
Бироқ «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига мувофиқ, қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас. Шу сабабли 2026-йилдан амал қила бошлаган янги тартибни тадбиркорнинг 2025-йилдаги фаолиятига нисбатан қўллаш мумкин эмаслиги аниқланган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, мазкур тадбиркорнинг йиллик айланмаси ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш учун белгиланган 1 млрд сўмлик чегарадан ошмаган.
Шундан сўнг Бизнес-омбудсман тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Нурафшон туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритган.
Суд иш материалларини кўриб чиқиб, солиқ органининг тадбиркорни ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олиш ҳамда тегишли ҚҚС гувоҳномасини расмийлаштириш тўғрисидаги қарорларини қонунга зид ва ҳақиқий эмас деб топди.
Натижада тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Аввалроқ тадбиркорга нотўғри ҳисобланган 100 млрд сўмлик солиқ қарзи омбудсман аралашувидан сўнг бекор қилинганди.





