Logo

2,4 млрд сўмлик ноқонуний криптоактивлар айланмаси билан шуғулланган яширин колл-марказ фош этилди

Kecha 23:101 daqiqa

Яшнобод туманидаги хонадонлардан бирида фаолият юритган 10 кишидан иборат гуруҳ Европа давлатлари фуқароларига сохта ҳужжатлар тайёрлаб бериш ҳамда криптоактивлар билан ишлашни ўргатиш хизматларини таклиф қилган.

2,4 млрд сўмлик ноқонуний криптоактивлар айланмаси билан шуғулланган яширин колл-марказ фош этилди © Videodan kadr

Тошкентнинг Яшнобод туманида қарийб 2 млрд 432 млн сўмлик криптоактивлар айланмаси билан ноқонуний шуғулланган яширин онлайн колл-марказ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари Яшнобод туманидаги «Хосиятли» маҳалласида тезкор-қидирув тадбири ўтказган. Натижада хонадонлардан бирида 10 нафар фуқародан иборат гуруҳ онлайн колл-марказ ташкил этиб, 203 134 УСДТ миқдоридаги криптоактивлар айланмаси билан қонунга хилоф равишда шуғулланиб келгани аниқланган.

Фирибгарлик схемаси ва ашёвий далиллар

Дастлабки маълумотларга кўра, гуруҳ аъзолари турли мессенжерлар орқали Европа давлатлари фуқароларининг ишончига кирган.

Улар сохта ҳужжатлар тайёрлаш, трейдинг ва криптоактивлар бўйича таълим беришни таклиф қилиб, фуқароларнинг криптоактивларини алдов йўли билан ўз электрон ҳамёнларига ўтказиб, ўзлаштириб келганликда гумонланмоқда.

Тезкор тадбир давомида хонадондан 8 та ноутбук, 58 та телефон ва 3 та компьютер ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари пойтахтда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаб келгани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid