30 йилдан ошган автомобиллар учун ҳар йиллик экологик тўлов жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобиллар эгалари учун ҳар йиллик экологик компенсация тўловини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Эксплуатация муддати ўтган автомашиналарнинг утилизациясини ташкил этиш ва унинг компонентларини қайта ишлаш амалиётини йўлга қўйиш тўғрисида»ги қарор лойиҳасига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари эгалари ҳар йили бир марта экологик компенсация тўлаши мумкин. Тўлов миқдори БҲМнинг 30 баравари этиб белгиланган бўлиб, амалдаги ҳисоб-китобларга кўра 12 миллион 360 минг сўмни ташкил этади.
Лойиҳада қонунчиликда белгиланган тартибда «зарарли»экологик тоифага киритилган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланиши назарда тутилган. Бундай транспорт воситалари давлат рўйхатидан чиқарилади.
Утилизация қилиш босқичлари
Ҳужжатда эксплуатация муддати ўтган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг компонентларини қайта ишлаш тизимини бир нечта босқичда жорий этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда, яъни 2026 йилдан бошлаб М1 тоифали транспорт воситалари — енгил автомобиллар қамраб олинади.
Иккинчи босқичда 2027 йилдан М2, М3, N1, N2 ва N3 тоифали транспорт воситалари, яъни микроавтобуслар, автобуслар ҳамда юк автомобиллари учун тизим татбиқ этилади. Учинчи босқичда эса 2030 йилдан бошлаб барча турдаги ғилдиракли транспорт воситалари мазкур тизим билан қамраб олинади.
Махсус электрон платформани ишга туширилади
Қарор лойиҳасига кўра, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда 2026 йил 1 августга қадар махсус электрон платформани ишга туширади. У «Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритиш ягона электрон тизими»га қўшимча модул сифатида фаолият юритади ҳамда «Товар ва қадоқлаш буюмлари чиқиндиларини онлайн мониторинг қилиш» имкониятини яратади.
Эксплуатация муддати ўтган автомобилларни утилизацияга топшириш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич баҳолашдан, иккинчиси эса транспорт воситасини қабул қилиб олиш ва утилизация қилишдан иборат бўлади. Фуқаро аввал автомобилни қонунчиликда белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказиши лозим. Техник кўрикдан ўтмаган транспорт воситалари баҳолаш жараёнига қабул қилинмайди.
Автомобилни баҳолатиш учун истеъмолчи электрон платформа орқали ариза юборади. Аризада транспорт воситасининг русуми, ишлаб чиқарилган йили, техник ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳамда зарур ҳужжатлар илова қилинади. Шундан кейин фуқаро оператор томонидан электрон платформада эълон қилинган қабул қилиш режа-жадвалига мувофиқ белгиланган сана ва вақтда автомобилни топширади. Оператор транспорт воситасини қабул қилиб олиб, тегишли топшириш-қабул қилиш далолатномасини расмийлаштиради.
Автомобилни қабул қилиб олиш эвазига истеъмолчи билан қилинадиган ҳисоб-китоб
Лойиҳада оператор сифатида истеъмолчиларга тўловларни амалга оширадиган, қабул қилинган техникаларни қайта ишлайдиган ёки реставрация қилиб иккиламчи бозорга чиқарадиган юридик шахслар белгиланган.
Автомобилни қабул қилиб олиш эвазига истеъмолчи билан бир нечта шаклда ҳисоб-китоб қилиниши мумкин. Жумладан, унга пул маблағи тўлаб берилиши, янги автомобилларни имтиёзли нархларда харид қилиш учун электрон ваучер тақдим этилиши ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда компенсация берилиши мумкин. Тўлов миқдори ва шартлари баҳолаш натижаларига асосан белгиланиб, томонлар ўртасида тузиладиган шартномада акс эттирилади.
Операторлар томонидан берилган электрон ваучерлар республика ҳудудида фаолият юритаётган автомобил сотувчи юридик шахслар томонидан қабул қилинади. Бундай ҳолатда сотувчилар ваучерда кўрсатилган маблағ миқдорида чегирма тақдим этади ёки автомобил нархининг қолган қисмини бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан сотади. Электрон ваучер ва унда кўрсатилган чегирма миқдори берилган кундан бошлаб олти ой давомида амал қилади.
Мазкур қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 28 июнга қадар давом этади.





