Logo

43,1 млрд доллар: Тошкент халқаро инвестиция форуми рекорд натижа кўрсатди

Bugun 15:002 daqiqa

Тошкентда ўтказилган бу йилги форумда 43,1 млрд долларга тенг 166 та инвестиция битими расмийлаштирилди. 2025 йилги форумда 30,5 млрд долларлик келишувларга эришилганди.

43,1 млрд доллар: Тошкент халқаро инвестиция форуми рекорд натижа кўрсатди

V Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) якунларига кўра, умумий қиймати 43,1 миллиард долларга тенг бўлган 166 та инвестиция битими имзоланди. Бу ҳақда Vaqt.uz га инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.

Таққослаш учун, 2025 йилда ўтказилган форумда 30,5 млрд долларлик келишувлар расмийлаштирилганди. Бу йилги форум қамрови бўйича янги рекордларни қайд этди.

Тадбирда жами 10 409 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтди. Шундан 102 мамлакатдан ташриф буюрган 3 802 нафар хорижий делегат қатнашди. Компаниялар фаоллиги ҳам сезиларли ошиб, форумда 3 145 компания вакиллари иштирок этди.

Уч кун давомида форумда BlackRock, JPMorgan Chase, Citibank, Visa, Franklin Templeton, Standard Chartered, London Stock Exchange Group, Bank of China, BP, Masdar, ACWA Power, Airbus, John Deere, Meta, Coca-Cola, DP World, AD Ports Group каби дунё иқтисодиёти йўналишларини белгилаб берувчи компаниялар иштирок этди.

Тадбирда вакиллари қатнашган компаниялар бошқарувидаги активларнинг умумий ҳажми қарийб 42 триллион долларни ташкил этди.

Форум тадбирларида 76 нафар ҳукумат вакиллари иштирок этди. Таққослаш учун, ўтган йили бу кўрсаткич анча камроқ — 26 нафарни ташкил этган эди.

TIIF 2026 доирасида жами 79 та тадбир ўтказилди. Улар орасида 34 та панел муҳокамаси, 8 та инвестицион тақдимот сессияси ва 7 та икки томонлама бизнес форумлари бўлди.

Икки томонлама бизнес форумлари АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Озарбайжон, Саудия Арабистони ва БАА иштирокида ташкил этилди.

Форум доирасида фаолият юритувчи Хорижий инвесторлар кенгаши ҳам сезиларли кенгайди. Кенгаш аъзолари сони 54 тадан 85 та компанияга етди. Улар 19 мамлакат ва иқтисодиётнинг 23 та турли соҳасини қамраб олади.

Тадбирни 41 мамлакатдаги 123 та таҳририятдан келган 209 нафар хорижий журналист ёритди. Улар орасида Bloomberg, Reuters, Nikkei, Euronews, BBC News, CGTN, TRT, The Independent ва Синьхуа каби етакчи халқаро оммавий ахборот воситалари бор эди.

Форумда иштирок этган халқаро экспертлар ва мутахассислар Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳиятини, иқтисодий ўсиш имкониятларини юқори баҳолади.

Teglar

Mavzuga oid