50 минг доллар пора олган Қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси қўлга олинди

24.01.2026 | 15:151 daqiqa

Мансабдор шахс 5 гектар ер майдонининг тоифасини ўзгартириб, уй-жой қуриш учун олиб бериш эвазига 400 минг доллар талаб қилган.

50 минг доллар пора олган Қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси қўлга олинди

Фарғонада ер муносабатлари билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланди, деб хабар бермоқда ахборот хизмати.

Маълумотларга кўра, Фарғона вилоятининг Боғдод туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс маҳаллий тадбиркорга кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдони олишида ўзининг мансабдор танишлари орқали ёрдам беришини айтади.

Хусусан, 2020 йилда бошқа бир фуқарога кам таъминланган ва ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида иссиқхона ташкил этиши учун ажратиб берилган 29 гектар ер майдонидан 5 гектар қисмини тоифасини ўзгартириб, уй-жой қуриш учун олиб бериш эвазига 400 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг мансабдор таниши ҳисобланган – Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси ушбу 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланади.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid