Абдусатторов «TEPE Sigeman» турнири совриндори бўлди, Синдоров эса Доммаражуга ютқазди

Bugun 08:302 daqiqa

Малмёда ўтган баҳсларда Нодирбек Абдусатторов кучли учликдан жой олди, Варшавада Жавоҳир Синдоров Гукеш Доммаражуга имкониятни бой берди.

Абдусатторов «TEPE Sigeman» турнири совриндори бўлди, Синдоров эса Доммаражуга ютқазди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов Швециянинг Малмё шаҳрида якунланган нуфузли «TEPE Sigeman» турнирида учинчи ўринни қўлга киритди. Шу билан бирга, Полша пойтахти Варшавада давом этаётган «Grand Chess Tour» босқичида Жавоҳир Синдоров ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга мағлуб бўлди. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчилари тақдим этган маълумотларга таяниб хабар берилди.

Швециядаги турнирнинг сўнгги, 7-турида Нодирбек Абдусатторов нидерландиялик Жорден ван Форестга қарши баҳс олиб бориб, 44-юришда дуранг қайд этди. Шу тариқа, ўзбекистонлик шахматчи ўз очколари сонини 4 тага етказди ва қўшимча кўрсаткичлар эвазига турнир жадвалида 3-поғонани эгаллади. Мазкур мусобақада Магнус Карлсен 5 очко жамғариб, тай-брекда ҳиндистонлик Аржун Эригаисини 2:1 ҳисобида мағлуб этган ҳолда чемпионликка эришди.

Маълум қилинишича, Абдусатторов турнир давомида бир ғалаба (Жу Жинер устидан) ва олтита дуранг қайд этди. Маълумот учун, ушбу турнирда сўнгги икки йилда ўзбекистонлик шахматчилар зафар қучган эди: 2024 йилда Нодирбек Абдусатторов, 2025 йилда эса Жавоҳир Синдоров бош совринни қўлга киритган.

Айни вақтда Полшада ўтказилаётган «Grand Chess Tour: Super Rapid & Blitz» турнирида Жавоҳир Синдоров рапид йўналишида муваффақиятсизликка учради. Синдоров 6 май кунги баҳсларда Уэсли Со (АҚШ), Максим Вашье-Лаграв (Франция) ва бўлажак жаҳон тожи учун даъвогар Доммаражу Гукешга (Ҳиндистон) имкониятни бой берди. Ушбу мағлубиятлардан сўнг Жавоҳир 4 очко билан турнир жадвалида Алиризо Фирузжа билан биргаликда 8-ўринни бўлишиб турибди.

Варшавадаги мусобақада 9 очкодан жамғарган америкалик Ҳанс Ниманн ва Уэсли Со пешқадамлик қилмоқда. Турнир 10 майга қадар давом этади ва унинг умумий мукофот жамғармаси 200 минг долларни ташкил этади. Кейинги босқичлар Бухарест, Загреб ва Сент-Луис шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid

Абдусатторов «TEPE Sigeman» турнири совриндори бўлди, Синдоров эса Доммаражуга ютқазди | Vaqt.uz