Logo

Антирейтинг: мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга бўлган банклар рўйхати очиқланди

Bugun 12:052 daqiqa

Марказий банк 2026-йил I чорак якунига кўра, банклар фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатлар асосида тузилган индексни эълон қилди.

Антирейтинг: мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга бўлган банклар рўйхати очиқланди © Foto: Vaqt.uz

Марказий банк 2026-йил I чорак якунига кўра, мурожаатлар билан энг ёмон ишлайдиган банклар индексини эълон қилинди.

Регулятор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда банк хизматлари сифатини ошириш мақсадида Марказий банк ва бошқа давлат идораларига банклар фаолияти юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни мунтазам таҳлил қилиб бормоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, мижозлар мурожаатлари бўйича энг ёмон ишлайдиган банклар рўйхатида биринчи ўринни «Biznesni Rivojlantirish banki» эгаллаган. Кейинги ўринларда эса «Anorbank» ва «Mikrokreditbank» турибди.

Шунингдек, «AVO bank» ва «TBC bank» ҳам мурожаатлар бўйича салбий кўрсаткичга эга банклар рўйхатида тўртинчи ва бешинчи ўринлардан жой олган.

photo_2026-06-22_12-08-14

Манба: Марказий банк

Марказий банк мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улуши юқори бўлган банклар қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини билдирди:

— банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича мижозларга етарли тушунтириш берилмаслиги;

— мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб тақдим этилмаслиги;

— такрорий шикоятларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликларнинг сақланиб қолиши;

— масофавий хизматлар, тўловлар, кредитлар ва бошқа банк оператсиялари билан боғлиқ муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги;

— истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ички назорат механизмларини янада такомиллаштириш зарурлиги.

Шу билан бирга регулятор мазкур банкларга қуйидаги тавсияларни бериб ўтди:

— мурожаатлар келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш;

— такрорий шикоятларга олиб келаётган омилларни бартараф этиш;

— мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш;

— мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва ички назорат механизмларини кучайтириш;

— истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган профилактик чораларни кенгайтириш.

«Мазкур индекс банкнинг молиявий барқарорлиги ёки ишончлилигини баҳоламайди. У фақат мижозлар сонига нисбатан келиб тушган мурожаатлар улушини акс эттиради. Чорак давомида 100 тадан кам мурожаат келиб тушган банклар бўйича индекс ҳисобланмайди», — дея эслатиб ўтган Марказий банк.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда банкларнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини баҳоловчи махсус индекс жорий қилиниши ҳақида Марказий банк бошқаруви раиси Тимур Ишметов 13-июн куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилганди.

Teglar

Mavzuga oid