Logo

АҚШ давлат қарзи тарихда илк бор 40 трлн доллардан ошди

Bugun 15:162 daqiqa

Трамп 2016-йилдаги илк президентлик кампанияси вақтида АҚШ 19 трлн долларлик қарздан қутулиши кераклигини ва буни «саккиз йил ичида», яъни икки президентлик муддати давомида амалга ошира олишини айтган эди. Бироқ амалда давлат қарзи нафақат камаймади, балки ўсишда давом этди. 2030-йилга бориб мамлакатнинг давлат қарзи урушдан кейинги рекордни янгилаб, ЯИМнинг 108 фоизига, 10 йилдан кейин 120 фоизга етиши мумкин.

АҚШ давлат қарзи тарихда илк бор 40 трлн доллардан ошди © Sinxua

АҚШ давлат қарзи рекорд даражадаги 40 трлн доллардан ошди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Молия вазирлиги хабар берди.

Қарз миқдори бундан атиги беш ой олдин 39 трлн доллардан ошган эди. «Financial Times» нашри таъкидлашича, АҚШ давлат қарзи сўнгги йигирма йил ичида молиявий инқироз ва COVID-19 пандемияси сабаб 6 трлн доллардан кам миқдордан ҳозирги даражага етган. Нашрнинг ёзишича, фақат сўнгги 10 йилнинг ўзида умумий қарз юки икки бараварга ошган.

АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, федерал ҳукуматдан ташқарида жойлашган инвесторлар олдидаги қарз 32 трлн доллардан ошган. Бу АҚШ иқтисодиёти ҳажмига тахминан тенг.

Май ойида «Fox Business News» Иқтисодий таҳлил бюроси маълумотларига таяниб, АҚШ давлат қарзи Иккинчи жаҳон урушидан бери илк бор мамлакат иқтисодиёти ҳажмидан ошгани ҳақида хабар берган. Конгресснинг мустақил бюджет бошқармаси прогнозига кўра, 2030-йилга бориб АҚШ давлат қарзи урушдан кейинги рекордни янгилаб, ЯИМнинг 108 фоизига етади. Шунингдек, прогнозларга кўра, 10 йилдан кейин давлат қарзининг ЯИМга нисбати 120 фоизга етиши мумкин.

Март ойида Федерал захира тизими раҳбари Жером Пауэлл АҚШ давлат қарзининг ҳозирги даражаси бошқариладиган ҳолатда қолаётганини айтган. Бироқ федерал қарз олиш ҳажмининг келажакдаги ўсиши хавотир уйғотаётганини таъкидлаган.

«Бизнинг қарзимиз ЯИМга қараганда анча тез ўсмоқда. Федерал ҳукумат қарзи иқтисодиётимиздан сезиларли даражада тезроқ ошмоқда. Узоқ муддатли истиқболда бу, маълум маънода, барқарор эмасликнинг ўзига хос таърифидир», — деган у.

Доналд Трамп 2016-йилдаги илк президентлик кампанияси вақтида АҚШ 19 трлн долларлик қарздан қутулиши кераклигини ва буни «саккиз йил ичида», яъни икки президентлик муддати давомида амалга ошира олишини айтган эди. Бироқ амалда давлат қарзи нафақат камаймади, балки ўсишда давом этди.

2026-йилнинг февраль ойида Трамп давлат қарзига қарамай, АҚШда иқтисодий ўсиш ҳам кузатилаётганини таъкидлади.

«Бу ўсиш тез орада қарзни жуда кичик кўринишга олиб келади», — деган республикачи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ўзбекистонда молиявий шаффофлик етарли эмаслигини қайд этганди.

Teglar

Mavzuga oid