АҚШ–Эрон можаросининг 44-кунида нималар юз бермоқда?
Исломободда АҚШ ва Эрон ўртасида бўлиб ўтган музокаралар келишувсиз якунланди. 21 соат давом этган мулоқотнинг муваффақиятсизлигида томонлар бир-бирини айбламоқда.

Покистон пойтахти Исломободда 12 апрел куни якунланган узоқ давом этган музокараларга қарамай, Қўшма Штатлар ва Эрон урушга бутунлай чек қўйиш бўйича келишувга эриша олмади. Бу эса ҳозирда амал қилаётган ўт очишни тўхтатиш режимини хавф остида қолдирмоқда.
12 апрел куни ҳар икки томон олти ҳафтадан кўпроқ вақт олдин бошланган ва минглаб одамларнинг (асосан Эрон ҳудудида) ўлимига сабаб бўлган, шунингдек, дунё бўйлаб нефт ва газ нархини кескин ошириб юборган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган 21 соатлик музокараларнинг барбод бўлишида бир-бирини айблади.

«Ёмон хабар шуки, биз келишувга эриша олмадик ва менимча, бу Америка Қўшма Штатларига қараганда Эрон учун анча ёмонроқ янгиликдир», — деди АҚШ делегацияси раҳбари, вице-президент Жей Ди Вэнс.
Покистон Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дор Исломобод икки азалий рақиб ўртасидаги тинчлик музокараларига кўмаклашишда давом этишини билдирди.
Эрондаги вазият
· 12 апрел куни Исломободдаги музокаралар тўхтаб қолгач, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги томонларнинг биргина учрашувда келишувга эришишини ҳеч ким кутмаганини маълум қилди. «Табиийки, бошиданоқ биргина сессиянинг ўзидаёқ келишувга эришишни кутмаслигимиз керак эди. Ҳеч кимда бундай умид бўлмаган», — деди вазирлик расмий вакили Исмоил Бағоий «IRIB» давлат телерадиокомпаниясига берган баёнотида.
· «Associated Press» агентлигига интервю берган теҳронликлар 93 миллион аҳолига эга мамлакат бўйлаб вайронагарчиликларга сабаб бўлган ҳаво ҳужумларидан сўнг вазиятга хавотир билан қараётган бўлса-да, ҳали умид узилмаганини билдирди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши оқибатида шу кунгача 2000 дан ортиқ эронлик ҳалок бўлган.
АҚШдаги вазият
· «Биз бу ерни жуда оддий таклиф — ўзаро англашув механизми билан тарк этмоқдамиз. Бу бизнинг сўнгги ва энг мақбул таклифимиздир. Эронликлар уни қабул қилиш-қилмаслигини вақт кўрсатади», — деди Вэнс Покистонни тарк этишидан олдин.
· Вэнснинг таъкидлашича, у сўнгги 21 соат ичида президент Дональд Трамп билан бир неча бор маслаҳатлашган. Шунингдек, Давлат котиби Марко Рубио, Молия вазири Скотт Бессент ва АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Брэд Купер билан ҳам мулоқотда бўлган.
· «Биз самимий ва яхши ниятда музокаралар олиб бордик», — деди Вэнс махсус вакиллар Стив Виткофф ва Жаред Кушнер ҳамроҳлигида сўзлаган нутқида.
· Президент Трамп музокаралар бошланганидан бир неча соат ўтиб, Вашингтон Эрон етакчиларини йўқ қилиш ва муҳим ҳарбий инфратузилмани вайрон қилиш орқали жанг майдонида аллақачон ғалаба қозонганини таъкидлади. «Келишувга эришамизми ёки йўқми — бунинг мен учун фарқи йўқ... чунки биз ғалаба қозондик», — деди у.
· АҚШ ҳарбийларининг маълум қилишича, миналардан тозалаш амалиёти олдидан Ҳўрмуз бўғозидан иккита эсминец ўтган. Бу уруш бошланганидан буён кузатилган дастлабки ҳолатдир. Бироқ Эрон давлат оммавий ахборот воситалари бирлашган ҳарбий қўмондонликка таянган ҳолда мазкур хабарни рад этмоқда.
· АҚШдаги Тэйер Маршалл институти профессори Дэвид Де Рош «Al Jazeera»га берган интервюсида Вашингтон Исломободдаги музокаралар чоғида ўз позициясини Эронга аниқ тушунтирган бўлса-да, уни ўзгартирмаганини айтди. «Чегаралар аниқ белгилаб олинди. Менимча, президент Трамп АҚШнинг урушдаги мақсади Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқишига йўл қўймаслик эканини очиқ ва қатъий билдириб келмоқда», — деди эксперт.
Ливандаги вазият
· Исроил Ливанга зарбалар беришни давом эттирмоқда. Ҳарбийлар мамлакат жанубидаги Жуайя ҳудудида «ўт очишга тайёр ҳолатдаги ракета қурилмасига» ҳужум уюштирилганини маълум қилди.
· Сўнгги кунларда Ливанда, хусусан, Байрутда Исроил ва Ливан ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар эҳтимолига қарши норозилик намойишлари тўлқини кузатилди.
· «Al Jazeera» нашрининг маълум қилишича, АҚШнинг Исроилга босими Байрутда вақтинчалик тинчликни таъминлаган бўлса-да, мамлакат жанубида зарбалар шиддат билан давом этмоқда. «Жанубда яшовчи аҳоли учун вазият деярли ўзгаргани йўқ», — дейилади хабарда.
· Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2 мартдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида камида 2020 киши ҳалок бўлган, 6436 киши жароҳатланган.

Исроилдаги вазият
· Исроилнинг «Channel 12» телеканали Ливандан учирилган дрон Юқори Жалила ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тутиб қолинганини хабар қилди. Дрон туфайли ҳудудда хавф сигналлари янграган.





