АҚШда 1 центлик тангаларни ишлаб чиқариш тўхтатилди
Ҳозир муомалада бўлган бир центлик тангалардан фойдаланиш давом этади ва улар тўлов воситаси сифатида қабул қилинаверади. Янги ҳужжат билан тўловнинг якуний суммасини беш центгача яхлитлашга рухсат берилади. Масалан, харидор солиқлар қўшилгандан кейин 10 доллар 2 центлик маҳсулот сотиб олса ва унда 2 цент бўлмаса, тўлов 10 доллар қилиб белгиланади. Агар харид суммаси 10 доллар 4 цент бўлса, у ҳолда тўлов 10 доллар 5 центга яхлитланади.
© Foto: Getty ImagesАҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатда бир центлик тангаларни (пенни) ишлаб чиқаришни тўхтатишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Унга кўра, Молия вазирлиги бундай тангаларни зарб қилишни тўхтатади.
Бироқ ҳозир муомалада бўлган бир центлик тангалардан фойдаланиш давом этади ва улар тўлов воситаси сифатида қабул қилинаверади. Улар барча қарзлар, давлат харажатлари, солиқлар ва бошқа тўловларни амалга оширишда қонуний тўлов воситаси сифатида қабул қилинади.
«CBS News»нинг хабар беришича, янги қонунда нақд пул билан тўлов қилинганда қайтим бериш тартиби ҳам белгиланган.
Ҳужжатга кўра, тўловнинг якуний суммасини беш центгача яхлитлашга рухсат берилади. Масалан, харидор солиқлар қўшилгандан кейин 10 доллар 2 центлик маҳсулот сотиб олса ва унда 2 цент бўлмаса, тўлов 10 доллар қилиб белгиланади. Агар харид суммаси 10 доллар 4 цент бўлса, у ҳолда тўлов 10 доллар 5 центга яхлитланади.
Авваллари нақд пул билан тўлов қилиш вақтида сотувчида қайтим бериш учун майда пул бўлмаса, ҳатто сумма харидор фойдасига яхлитланган тақдирда ҳам, харидор уни судга бериши мумкин эди. Бир центлик тангаларни босқичма-босқич муомаладан чиқариш масаласи кўплаб тадбиркорлар учун муҳим ҳисобланган. Гарчи бундай тангалар ҳали ҳам муомалада бўлса-да, АҚШнинг кўплаб штатларида уларнинг етишмаслиги кузатилмоқда.
Қонун лойиҳасини АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси ва Сенати қўллаб-қувватлаган. Вакиллар палатаси аъзоси Лиза Макклейннинг таъкидлашича, битта бир центлик тангани ишлаб чиқариш тахминан 4 центга тушади. Янги қонун эса давлат бюджетига ҳар йили 85 миллион доллар тежаш имконини беради.
Аслида, бир центлик тангаларни ишлаб чиқариш 2025-йил 12-ноябрдаёқ тўхтатилган. Шу куни АҚШ зарбхонаси Филаделфия шаҳрида махсус маросим ўтказиб, энг сўнгги бир центлик тангани зарб қилди. АҚШда илк бир центлик танга ҳам 1793-йилда айнан шу шаҳарда ишлаб чиқарилган.
Тангалар ишлаб чиқарилиши якунлангани муносабати билан жами 232 та махсус коллекция тўплами тайёрланди. Уларнинг ҳар бири пенни ишлаб чиқарилган 232 йилнинг биттасига бағишланган. Ҳар бир тўпламга 24 каратли олтиндан ясалган битта бир центлик танга ҳам киритилган. Қарийб 250 йил давомида унинг ташқи кўриниши бир неча бор ўзгарган. Ҳозирги кўринишдаги бир центлик танга эса 1909-йилда пайдо бўлган. Унинг бир томонида АҚШнинг марҳум президенти Авраам Линколн тасвири жойлаштирилган.
Нашрнинг ёзишича, қонун чиқарувчилар бир центлик тангаларни муомаладан чиқариш масаласини бир неча ўн йил давомида кўтариб келган. Бунга асосий сабаб тангадан фойдаланиш ноқулайлиги бўлган.
Масалан, 1989-йилда пеннидан воз кечишга қаратилган қонун қабул қилишга уриниш бўлганида, «The New York Times» газетаси бу тангаларни «эскирган ва ортиқча оворагарчилик келтирадиган восита» деб таърифлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 11-сентябр терактига 25 йил тўлиши муносабати билан АҚШда эсдалик танга чиқарилганди.





