Logo

АҚШда даҳшатли воқеа: 4 йил давомида кичик бир хонада яшириб сақланган 16 нафар бола қутқарилди

Kecha 22:302 daqiqa

Улар сўнгги тўрт йилнинг асосий қисмини одам ахлатига тўла, даҳшатли шароитдаги битта кичик хонада ўтказган.

АҚШда даҳшатли воқеа: 4 йил давомида кичик бир хонада яшириб сақланган 16 нафар бола қутқарилди

АҚШнинг Огайо штатидаги Ҳамден қишлоғида битта оилага мансуб 16 нафар бола қутқарилди. Улар сўнгги тўрт йилнинг асосий қисмини одам ахлатига тўла, даҳшатли шароитдаги битта кичик хонада ўтказган.

Мазкур ҳолат бошқа бир жиноят иши доирасидаги тинтув вақтида тасодифан аниқланган. Болаларнинг ота-онаси ва икки нафар бобо-бувисига (Гари Сайдерс кичик, Гари Сайдерс катта, Кристина Сайдерс ва Элизабет Сайдерс) нисбатан оғир жисмоний зарар етказишни ўз ичига олган, болаларга шафқатсиз муносабатда бўлиш жинояти бўйича айблов эълон қилинди.

«Улар деярли ёввойи ҳайвонларга ўхшаб қолган эди. Бу жуда даҳшатли», – деди Огайо штати бош прокурори Энди Уилсон матбуот анжуманида.

Маълумотларга кўра, ёши 1,5 дан 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар асосий вақтини тахминан 3,5 га 3,5 метр (12х12 фут) ўлчамдаги хонада ўтказган. Улар мактабга бормаган, топилган вақтда айримлари умуман гапира олмаган. Ҳатто 18 ёшли ривожланишдан орқада қолган ногирон қиз ўз исмини ҳам ёзишни билмаган.

Қўшниларнинг таъкидлашича, улар бу уйда болалар борлигини умуман кўрмаган ва билмаган.

«Бу одамлар болаларни яширишда жуда устаси фаранг бўлган. Бу Америкада биз кўришга одатланмаган ҳолатдир», – дея таъкидлади Энди Уилсон.

Винтон округи шерифи Райан Кейн ҳолатни тасвирлар экан, вазият қанчалик оғир эканини айтиб ўтди:
«Бизда ҳатто чорва моллари ҳам бу болалардан кўра яхшироқ шароитда сақланади. Бу шунчаки жирканч манзара».

Қутқарилган болаларнинг етти нафари Колумбусдаги шифохоналарга ётқизилган, улардан иккитаси вертолётда олиб кетилган. Болалардан бирининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Ҳозирда улар Огайо штати Иш ва оилавий хизматлар департаментининг вақтинчалик васийлигига олинган.

Судда тўрт нафар айбланувчининг ҳар бири учун 300 минг доллардан гаров пули белгиланди.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШда даҳшатли воқеа: 4 йил давомида кичик бир хонада яшириб сақланган 16 нафар бола қутқарилди | Vaqt.uz