Logo

Ўзбекистонда қутқарувчиларнинг етиб келиш вақти қисқартирилади

Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш тизимини такомиллаштириш, сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш бўйича тақдимот билан танишди.

Ўзбекистонда қутқарувчиларнинг етиб келиш вақти қисқартирилади

Шаҳарларнинг кенгайиши, технологик ривожланиш ва иқлим ўзгариши қутқарув хизмати олдига янги вазифалар қўймоқда. Айни пайтда айрим ёнғин-қутқарув қисмларининг жойлашуви, бинолари ва техникаси тезкор ёрдам кўрсатиш талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Давлат раҳбари тизимни янгилашда асосий мезон инсон ҳаётини сақлаб қолиш бўлиши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун “олтин дақиқа” қоидасини амалиётга жорий этиб, шаҳар ҳудудларида қутқарувчиларнинг етиб келиш вақтини 5-7 дақиқага, шаҳар марказларидан ташқари ҳудудларда эса 15-20 дақиқага тушириш вазифаси қўйилди.

Аҳолиси 250 мингдан ортиқ туман ва шаҳарлардаги 25 та ёнғин-қутқарув қисмини қайта ташкил этиш ва замонавий техника билан таъминлаш режалари ҳақида ахборот берилди. Шунингдек, мураккаб шароитларда ишлайдиган “Мадад” миллий кўп тармоқли махсус қутқарув маркази, авиация-қутқарув бўлими ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф этилди.

“112” ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини такомиллаштириш, мурожаат келиб тушган пайтдан унинг ижросигача бўлган жараённи кузатиш, тегишли хизматлар ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Соҳада рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Сув омборларида қутқарув хизматини кенгайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди. Мавжуд 56 та сув омборининг фақат тўрттасида бундай хизмат йўлга қўйилган. Шу боис, “Каркидон” сув омбори мисолида профессионал қутқарув тизимини ташкил этиш таклифи билдирилди. Қутқарувчиларни тайёрлаш техникумида дуал таълим асосида қутқарувчи-ғаввослар тайёрлаш, туризм объектлари ходимларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва биринчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш режалаштирилмоқда.

Сув омборларидан туризм мақсадида фойдаланиш имкониятлари ҳам кўрсатиб ўтилди. Ҳозирча бешта сув омборида туризм ташкил этилган, яна 25 тасида бундай хизматларни йўлга қўйиш имконияти бор. Мазкур ҳудудларга инвестиция жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Бунда хавфсизлик талаблари устувор бўлиши таъкидланди. Туристик хизматларни сертификатлаш, тадбиркорларнинг профессионал қутқарув тузилмалари билан шартнома тузишини мажбурий этиб белгилаш, дам олиш масканларини қутқарув қайиқлари, кузатув миноралари ва сув чуқурлигини кўрсатувчи белгилар билан жиҳозлаш таклиф қилинди.

Сув омборлари атрофида туризм хизматларини ташкил этган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам тақдим этилди. Уларга 2029 йил 1 октябрга қадар ер ва мол-мулк солиқларининг ярмини тўлаш, GPS, қутқарув ва хавфсизлик ускуналари учун божхона тўловларини 120 кунга кечиктириш ёки бўлиб тўлаш имкониятини бериш назарда тутилмоқда. Ушбу ҳудудлардаги ер участкаларини сотишдан тушган маблағларни ташқи муҳандислик тармоқлари ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш таклиф этилди.

Шунингдек, сув омборларининг техник ҳолати ва хавфсиз ишлашини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Йигирма бешта сув омбори жойига чиқиб ўрганилган. Хавфли ўзгаришларни эрта аниқлаш учун маҳаллий огоҳлантириш тизимлари, видеокузатув, сейсмологик ускуналар ва рақамли назорат воситаларини кенгроқ жорий этиш чоралари кўрилади.

Тақдимот якунида давлат раҳбари масъулларга қутқарув хизматининг тезкорлигини ошириш, сув омборларида профессионал қутқарув хизматини йўлга қўйиш ва туризм объектларида хавфсизлик талабларини аниқ белгилаш юзасидан топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid