АҚШдаги нуфузли лабораторияда ишлаётган ўзбекистонлик олим нега «Эл-юрт умиди» билан судлашмоқда?
Акмал Маҳмудов бакалавр босқичини «Эл-юрт умиди жамғармаси» ҳисобидан тамомлаб, PhD дастурига қабул қилинган. У Ўзбекистонга қайтиб, беш йил ишлаб бериш мажбуриятини бажармаганликда айбланмоқда. Олим эса мажбуриятдан қочмаётганини, фақат докторантурани тугатиш учун вақт сўраганини айтмоқда.
АҚШдаги Теннесси университетида PhD босқичида таҳсил олаётган ва Oak Ridge миллий лабораториясида илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик ёш олим Акмал Маҳмудовнинг таълими атрофида «Эл-юрт умиди жамғармаси» билан низо юзага келди. Жамғарма ундан аввалги шартнома бўйича Ўзбекистонга қайтиб ишлаш мажбуриятини бажаришни ёки давлат томонидан сарфланган маблағларни ундиришни талаб қилмоқда. Маҳмудов томони эса PhD таълимини тугатиб, кейинчалик Ўзбекистонга қайтиш учун муддат берилишини сўрамоқда. Низо охир-оқибат судгача етиб борди.
Ҳаммаси 2021 йилда бошланган
Акмал Маҳмудов Шаҳрисабздаги мактабни 2021 йилда тамомлаган. Отасининг айтишича, у мактаб давридан фан олимпиадаларида қатнашиб, юқори натижалар кўрсатган. IELTS сертификатини олгач, хориждаги бир нечта олийгоҳларга ҳужжат топширган.
Шу даврда у «Эл-юрт умиди жамғармаси» стипендиясига ҳам ҳужжат топшириб, АҚШдаги Аризона университетининг биокимё ва биотехнология йўналишига ўқишга кирган.
Маҳмудов Аризона университетида тўрт йил таҳсил олган. Иккинчи курсдан бошлаб лаборатория тадқиқотларига жалб қилинган. 2025 йилда эса университетдаги профессорлари ва лаборатория раҳбарларининг тавсияси билан бакалавр босқичидан тўғридан-тўғри PhD дастурига қабул қилинган.
Бу ҳолат мазкур ишдаги асосий баҳсли нуқталардан бирига айланди.
Бакалаврдан PhDга — низонинг марказидаги масала
Маҳмудовнинг отаси ва адвокати таъкидлашича, биотехнология каби STEM йўналишларида бакалавр босқичидан тўғридан-тўғри PhD дастурига ўтиш халқаро амалиётда мавжуд.
Маҳмудов ҳам янги дастурга қабул қилингани унинг аввалги шартнома бўйича Ўзбекистонга қайтиб ишлаш мажбуриятини бекор қилмаслигини, бироқ ушбу мажбуриятни бажариш муддатини кечиктиришни сўраганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, жамғармага юборган мурожаатларида мажбуриятни бекор қилиш эмас, PhD дастурини тугатиб олиш учун вақт бериш сўралган.
«Мен ўзимнинг мажбуриятларимдан умуман қочаман деб айтмаганман. Биринчи навбатда аризаларимда ҳам ота-онам орқали мурожаатларим ҳам мажбуриятларни кечиктириш, олиб ташлаш эмас, фақат кечиктириш бўлган», — дейди Акмалжон Vaqt.uz мухбири билан суҳбатда.
Шартнома бўйича нима талаб қилинган?
Жамғарма томонидан молиялаштирилган дастур тўрт йиллик бакалавриат таълимини қамраб олган. Маҳмудов бакалаврни тамомлагач, Ўзбекистонга қайтиб, шартномада кўрсатилган иш берувчи ташкилотда меҳнат фаолиятини бошлаши керак бўлган.
Отасининг айтишича, шартномада беш йил ишлаб бериш мажбурияти белгиланган. Шартномада ота-она, иш берувчи ва бошқа томонлар ҳам кафил сифатида қатнашган. Маҳмудов бакалаврни тугатгач эса АҚШда PhD таълимини давом эттирган.
Шу нуқтадан бошлаб томонларнинг позицияси кескин фарқланади.
Эл-юрт умиди: мажбурият 2025 йилда юзага келган
Жамғарманинг расмий муносабатига кўра, давлат томонидан Акмал Маҳмудовнинг тўрт йил давомида бакалавриат таълими молиялаштирилган.
««Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистоннинг соҳа ва тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда малакали мутахассисларни тизимли ва манзилли тайёрлашга қаратилган давлат буюртмасини бажаради.
Шундай қилиб, стипендия — бу мамлакатнинг инсон капиталига йўналтирилган мақсадли давлат сармоясидир.
Ҳужжатларга кўра, давлат томонидан «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали 4 йил давомида бакалавриат дастури бўйича таълим молиялаштирилган. Ушбу дастурни тамомлагач, стипендиат, диплом ҳамда баҳолар тўғрисидаги транскриптни (диплом иловасини) Жамғармага топшириши ҳамда эгаллаган мутахассислиги бўйича Ўзбекистонга қайтиб келганидан сўнг, узоғи билан бир ой мобайнида иш берувчи ташкилотида меҳнат фаолиятини бошлаши лозим эди. Тегишли мажбурият бир йилдан кўпроқ вақт олдин (2025 йил 15 майда) юзага келган, бироқ бажарилмай келмоқда.
Янги дастурга ўқишга кириш илгари зиммасига олинган шартномавий мажбуриятларни ўз-ўзидан бекор қилмайди.
«Эл-юрт умиди» жамғармасига мажбуриятлар ижросини кечиктиришни сўраб ариза юборилганининг ўзи бу кечиктиришга рухсат берилганини англатмайди. Шу ҳақида стипендиат ва шартномадаги бошқа томонлар ёзма равишда огоҳлантирилган. А.М. билан қўшимча келишув имзоланмаган. Демак, шартнома шартлари тўлиқ ҳажмда ўз кучида қолмоқда.
Илмий фаолиятни Ўзбекистоннинг тадқиқот ва таълим муассасаларида давом эттириш мумкин. Келгусида мутахассис аввалги мажбуриятларини бажарганидан сўнг янги халқаро дастурларда ҳам иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Муаммо таълимни давом эттириш истагида эмас, балки амалдаги шартномани бажаришдан бир томонлама бош тортиш қароридадир. Шахсий академик режалар давлат ва жамият олдидаги мажбуриятлардан ўз-ўзидан устун қўйилиши мумкин эмас. Агар бюджет маблағлари ҳисобидан тайёрланган мутахассис қайтиб келмаса ва ўз зиммасига олган мажбуриятлардан бир томонлама бош тортса, кадрларни мақсадли тайёрлаш тизимининг ўзи маъносини йўқотади.
Шу боис давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш ва шартномаларга риоя этиш — бу кимнингдир имкониятларини чеклаш эмас, балки «Эл-юрт умиди» жамғармасининг бевосита мажбуриятидир. Судга мурожаат қилиш — шартномавий низони ҳал этишнинг қонунда назарда тутилган механизмидир. Низога якуний ҳуқуқий баҳони суд беради», – дейилган расмий муносабатда.
Маҳмудов томони эса бошқа ечим таклиф қилмоқда
Акмал Маҳмудовнинг оиласи эса жамғармадан шартномани бекор қилишни эмас, унинг амал қилиш муддатини узайтиришни сўраган. Отасининг айтишича, Қарши давлат техника университети ҳам Маҳмудовнинг PhD босқичини тугатиб, кейин Ўзбекистонга қайтиб ишлашига розилик билдирган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Фанлар академияси биринчи вице-президенти томонидан ҳам «Эл-юрт умиди» жамғармасига мурожаат қилинган.
Мурожаатда тор доирадаги профессионал мутахассисларни тайёрлаш учун бундай ҳолатларда шартнома муддатини истисно тариқасида узайтириш таклиф қилинган. Маҳмудов оиласи айнан шу имконият берилишини кутмоқда.
Можаро судгача қандай етиб борди?
Томонлар келишувга кела олмагач, жамғарма давлат томонидан сарфланган маблағларни қайтариш масаласини суд орқали ҳал қилишга киришган.
Ота-онанинг сўзларига кўра, шартномада 143 минг доллар миқдоридаги маблағ кўрсатилган. Шу билан бирга, жамғарма томонидан иш доирасида давлат харажатлари 200 минг доллар атрофида экани айтилаётгани қайд этилган.

Бу сумманинг якуний миқдори ва ким томонидан қанча маблағ ундирилиши суд жараёнида аниқланиши керак.
Ҳозирда иш фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судида кўриб чиқилмоқда.
Маҳмудов томонининг адвокати эса ҳужжатлар ўрганилаётганини ва томонлар қўшимча келишувга эришиши мумкинлигини билдирган.
Низо ижтимоий тармоқларга ҳам чиқди
Суд жараёнидан ташқари, томонлар ўртасидаги муносабатлар ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга ҳам сабаб бўлган. Маҳмудовнинг отаси адвокат ёлланганидан кейин иш ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинганини айтган. Унинг сўзларига кўра, шундан кейин жамғарма вакиллари билан кескин суҳбат юз берган.
Материалда жамғарма ижрочи директори билан Акмал Маҳмудовнинг отаси ўртасидаги суҳбатларда кескин дўғ-пўписалар ишлатилгани ҳам тилга олинади. Бу ҳолат юзасидан суҳбатни эшитган ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам жамғарма раҳбарияти ота-оналар билан мулоқотда мувозанатни сақлаши кераклигини таъкидлаган.
Бироқ у давлат ташкилотининг позициясини ҳам тушуниш кераклигини қайд этган: жамғарма давлат маблағларидан фойдаланиш ва шартномаларнинг бажарилиши учун жавобгар.
Акмал Маҳмудов аслида нима билан шуғулланмоқда?
Маҳмудовнинг илмий фаолияти синтетик биология билан боғлиқ. У янги авлод генетик модификацияланган организмлар — ГМО ўсимликларини яратиш ва мавжуд методларни такомиллаштириш устида ишламоқда. Унинг тушунтиришича, синтетик биология биологик билимлардан фойдаланиб, биологик тизимларни қайта лойиҳалаш ва янги имкониятлар яратишга қаратилган йўналиш.
Отаси эса ўғлининг илмий тадқиқотлари қурғоқчилик шароитида кам сув талаб қиладиган ўсимликлар каби йўналишлар билан боғлиқлигини айтган. Маҳмудов ҳозир Теннесси университетида PhD дастурида таҳсил олмоқда ва Oak Ridge лабораториясида илмий фаолият олиб бормоқда.
Унинг отаси таъкидлашича, Oak Ridge лабораториясида ишлаётган ўғли МДҲ давлатларидан ушбу муассасада ишлаган илк талаба ҳисобланади. Бу маълумот материалда оила томонидан келтирилган даъво сифатида қайд этилган.
Олимнинг режаси — Ўзбекистонга қайтиш
Акмал Маҳмудовнинг ўзи илмий фаолиятини тугатгач, Ўзбекистонга қайтишни режалаштираётганини айтган.
У қайтгач, ўз йўналишида ёш тадқиқотчилар ва шогирдлар тайёрлаш, янги авлод олимларини етиштириш ҳамда хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилган. Унинг фикрича, бир неча йил ичида Ўзбекистонда илмий кадрлар базасини шакллантириш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш мумкин.
Шу сабабли у жамғармадан PhD дастурини тугатиш учун вақт берилишини сўрамоқда.
Асосий баҳс: давлат маблағи ва ноёб кадр ўртасида мувозанат
Мазкур низода икки хил мажбурият тўқнашмоқда. Бир томонда — давлат маблағи ҳисобидан хорижда таълим олган стипендиатнинг шартнома бўйича Ўзбекистонга қайтиб, белгиланган муддат давомида ишлаш мажбурияти бор.
Иккинчи томонда эса — стипендиатнинг кейинчалик Ўзбекистон учун юқори малакали мутахассис сифатида қайтиш имконини берадиган PhD таълимини давом эттириш истаги турибди.
Маҳмудов томони айнан иккинчи ҳолатга вақт бериш орқали эришиш мумкинлигини айтмоқда. Жамғарма эса амалдаги шартнома қўшимча келишувсиз ўз кучида қолаётганини билдирмоқда. Энди бу масалада якуний қарорни суд бериши керак.
Акмал Маҳмудов эса ўз мажбуриятидан қочмаётганини, аксинча, PhDни тугатиб, кейинчалик Ўзбекистонга қайтиб ишлашга тайёр эканини таъкидламоқда.
Унинг отаси учун эса масаланинг энг муҳим жиҳати бошқача: агар низо сабаб ўғли АҚШдаги илмий фаолиятини тўхтатса ёки давлат олдидаги қарздорлик туфайли Ўзбекистонга қайтиш имкониятидан маҳрум бўлса, мамлакат юқори малакали мутахассисни йўқотиши мумкинлигидан хавотирда.
«Мен қўрқадиган нарсам — мен ўғлимни йўқотаман. Ҳозиргача унинг хоҳлайдиган нарсаси Ўзбекистонга қайтиб келиш. У чет элда қолишни умуман ўйлагани йўқ», – дейди ёш олимнинг отаси Vaqt.uz мухбирига.
Суднинг қарори эса нафақат шартнома бўйича молиявий мажбуриятлар, балки давлат томонидан хорижда кадр тайёрлаш тизимида бундай истисноли ҳолатларга қандай ёндашилиши масаласига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Teglar






