«Асосий мақсад — иқтисодий мувозанатни сақлаш» — Темур Ишметов Яқин Шарқдаги урушнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида гапирди

Марказий банк раиси глобал мажоронинг Ўзбекистон иқтисодиётига билвосита таъсири, инфляцион босим ва валюта курси эркинлигининг аҳамияти ҳақида тўхталди. Унинг фикрича, бу шароитда асосий ставканинг оширишга ҳали эрта бўлиб, вазият тақазо қилганда пул-кредит сиёсатини қайта кўриб чиқиш мумкин.

«Асосий мақсад — иқтисодий мувозанатни сақлаш» — Темур Ишметов Яқин Шарқдаги урушнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида гапирди

Марказий банк раиси Тимур Ишметов Uzreport TV каналига берган интервюсида Яқин Шарқдаги урушнинг Ўзбекистонга таъсири, асосий ставкани кўтариш ва бошқа масалалар ҳақида гапириб ўтди. 

Ишметов мажоро биринчи навбатда нефт нархларига таъсир қилаётгани, бу эса ўз навбатида глобал инфляцияга босим ўтқазаётганини таъкидлади. 

Бундан ташқари фақат нефт эмас, ҳудуддаги логистика занжирларининг бузилиши ва транспорт муаммоларининг юзага келиши ҳам инфляцион босимни кучайтираётган асосий омиллардан бири сифатида кўрилмоқда. 

Бундай мураккаб шароитда марказий банклар олдида муҳим савол пайдо бўлмоқда: инфляцияни жиловлаш устувор бўлиши керакми ёки иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашми?

Тимур Ишметов бу масалага тўхталиб, ҳозирги вазият оддий ва тезкор ечимларни эмас, балки чуқур таҳлил ва эҳтиёткор сиёсатни талаб қилишини қайд этди. Унинг фикрича, глобал шокларнинг мамлакат иқтисодиётига қандай каналлар орқали таъсир қилишини тўғри баҳолаш ва шунга мос чоралар кўриш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. 

Notinch vaziyatda XVJ Markaziy banklarga nimalarni tavsiya qilmoqda?

Ишметовга кўра, геосиёсий хатарлар фонида марказий банклар фақат нархлар барқарорлигини таъминлаш билангина чекланиб қолмаслиги, балки молиявий тизимнинг умумий барқарорлигини ҳам назорат остида ушлаб туриши зарур бўлади. 

Сабаби ташқи шоклар, айниқса савдо ҳамкор давлатлар иқтисодиётига таъсир қилса, бу бевосита экспорт-импорт операциялари орқали ички бозорга ҳам ўтади.

Уруш Ўзбекистонга қандай таъсир қилади? 

Марказий банк раисининг маълум қилишича, Яқин Шарқдаги урушнинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсири камроқ, лекин билвосита таъсирни юмшатиш учун чоралар кўрилмоқда. 

Жумладан, транспорт нархлари ошиши ҳисобига айрим озиқ-овқат маҳсулотларига салбий таъсир бўлмаслиги учун, озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишда транспортларга субсидия эълон қилинган. Бироқ, бу субсидия механизмлари шаффоф, мақсадли ва қисқа муддатли бўлиши лозим экани айтилди. 

Фоиз ставкалари қандай ўзгаради? 

Урушнинг Ўзбекистонга таъсири ва бунинг ортидан асосий ставканинг кўтарилиши ҳақидаги саволга Марказий банк раиси шундай жавоб берди: 

“Асосий ставкани ошириш бўйича ҳали гапиришга эрта. Бизда монетар сиёсатнинг қатъийлик даражаси анча юқори деб ҳисоблайман. Биз бу ерда инфляция билан бирга барибир иқтисодий ўсиш орасидаги балансни сақлаб туриш ҳақида ўйлашимиз керак”, — дейди Тимур Ишметов. 

Ишметовнинг таъкидлашича, агар глобал хатарлар сақланиб қолса ёки кучайса, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб пул-кредит сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва зарур ҳолларда унга тегишли ўзгартиришлар киритиш мумкин.

“Бизда ҳозир асосий масала инфляциядан кўра валюта айирбошлаш курсининг эркинлигини сақлаб туриш. Мана ўтган йили эътибор берган бўлсанглар алмашув курсининг тебранишини анча кенгаяни ҳисобига миллий валютани қадри ошган. Бу масала жуда ҳам муҳим бўлиб қолмоқда. Курснинг эркинлиги ўз навбатида шу инфляция салбий шокларининг таъсирини юмшатишга ёрдам беради”, — дейди Марказий банк раиси. 

Банклар халқаро стандартларга ўтади

Тимур Ишметовнинг айтишича, йил охиригача Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитларни ҳисоблаш бўйича халқаро стандартларга асосланган методологияга ўтилади. 

Халқаро ташкилотлар томонидан молия секторига алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилмоқда. Хусусан, банк тизимида активлар сифатини яхшилаш, риск-менежментни кучайтириш ва кредитлашда янада эҳтиёткор ёндашувни қўллаш долзарб вазифалардан бири сифатида кўрилмоқда. 

Teglar

Mavzuga oid