Аттестациядан ўта олмаган ўқитувчилар ишдан бўшатиладими?

Kecha 22:402 daqiqa

Вазирлик аттестациядан ўта олмаган педагоглар ишдан бўшатилиши ҳақидаги тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.

Аттестациядан ўта олмаган ўқитувчилар ишдан бўшатиладими?

Мактбгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, аттестациядан ўта олмаган педагоглар ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабарларни асоссиз эанини маълум қилди.

Вазирликка кўра, мактаб раҳбарияти ёки бошқа мансабдор шахслар томонидан ўқитувчиларни ишдан бўшатиш билан боғлиқ босим ўтказиш қонунчиликка мутлақо зид ҳисобланади. Бу каби талаблар амал қилувчи меъёрларга тўғри келмайди.

Етарли балл тўплай олмаган педагогларнинг малака тоифаси пасайтирилмайди

2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этган ва етарли балл тўплай олмаган педагогларнинг малака тоифаси пасайтирилмайди. Шунингдек, уларга амалдаги тоифаси бўйича иш ҳақи тўланиши давом этади.

Шу боис, навбатдан ташқари аттестация натижасида паст балл олган педагоглар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Бу ҳолатда ишдан бўшатиш қонуний эмас деб ҳисобланади.

Амалдаги тартибга кўра, фақат олий маълумотга эга бўлмаган ва мутахассис лавозимида ишлаётган педагоглар мажбурий аттестациядан ўта олмаса, уларнинг меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. Бунда ҳам иш берувчи қарор қабул қилмаса, педагогга яна икки марта навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш имконияти берилади.

Агар ушбу имкониятлардан кейин ҳам педагог салбий натижа кўрсатса, шундагина меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкин. Бошқа ҳолатларда эса бундай қарор қабул қилиниши мумкин эмас.

Вазирлик ўқитувчиларга мурожаат қилиб, агар ноқонуний талаблар қўйилса, ишонч телефони ёки махсус бот орқали мурожаат қилишни тавсия қилди.

Teglar

Mavzuga oid