Австралияда ижтимоий тармоқлар тақиқи кутилган самарани бермаяпти — тадқиқот
Чекловларга қарамай, австралиялик ўсмирларнинг 80 фоиздан ортиғи ҳамон эски саҳифаларини сақлаб қолган ёки янгиларини очиб, тармоқлардан фаол фойдаланишда давом этмоқда.
© yahoo.comЯнги тадқиқот хулосаларига кўра, Австралия ҳукумати томонидан 16 ёшгача бўлган болалар учун тақиқ ўтган йилнинг декабр ойида кучга кирган эди. Шунга қарамай, австралиялик болалар ва ўсмирларнинг 80 фоиздан ортиғи (ҳар 10 нафардан 8 таси) ижтимоий тармоқлардан ҳанузгача фойдаланмоқда.
Хўш, амалда вазият қандай кечмоқда ва бу ҳақда яна нималар маълум?
Сўнгги ҳисоботда нималар аниқланди?
Австралиянинг «eSafety» интернет-регуляторининг аниқлашича, чекловларга қарамай, 16 ёшгача бўлган ҳар 10 нафар австралиялик боланинг 8 нафардан ортиғи ҳамон ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, 10-15 ёшли болаларнинг аксарияти март ойида ҳам ижтимоий тармоқлардан худди тақиқ кучга киргунга қадар (ўтган йилнинг 10-декабригача) бўлгани каби фаол фойдаланган.
«Тақиқ кучга киргунга қадар ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга бўлган 16 ёшгача болаларнинг аксарияти орадан уч ой ўтса-да, эски аккаунтларини сақлаб қолишга ёки янгисини очишга муваффақ бўлган. Бунга асосий сабаб сифатида платформаларнинг ёшни текшириш бўйича самарали тизим ярата олмагани кўрсатилмоқда», — дейилади «eSafety» баёнотида.
Эски профилларини сақлаб қолган болаларнинг қарийб тенг ярми тармоқ уларнинг ёшини умуман текширмаганини таъкидлаган. Айнан шу омил уларнинг тармоқда қолишига энг асосий сабаб бўлган. Қолганлар эса ўз саҳифаларида ёшини 16 ва ундан юқори қилиб кўрсатганини ёхуд ёшни аниқлаш тизими уларни хатолик туфайли катта ёшли фойдаланувчи сифатида қабул қилганини билдирган.
Тадқиқот натижаларига кўра, тақиқ жорий этилгунига қадар сўровномада қатнашган болаларнинг салкам 86 фоизи ёшга доир чеклов ўрнатилган камида битта платформадан фойдаланишини маълум қилган. Орадан уч ой ўтгач ҳам бу кўрсаткич 81 фоиздан юқорилигича қолмоқда, дейилади «eSafety» ҳисоботида.
Ҳужжатда қайд этилишича, ўсмирларнинг қарийб 58 фоизи ижтимоий тармоқлардан ҳар куни фойдаланишини айтган (тақиқдан олдин бу рақам 60 фоиз атрофида бўлган). Шунингдек, тадқиқот хулосалари болаларнинг спорт ва жисмоний фаоллик, оила ва дўстлар даврасида вақт ўтказиш ҳамда жамоат тадбирларидаги иштироки каби кўрсаткичларида деярли ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмаганини кўрсатган.
Аслида бу тақиқ нима учун жорий қилинган эди?
2025-йилнинг декабр ойида Австралия 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаб, дунёда бундай кескин қадамни ташлаган биринчи давлатга айланди. Бироқ видеоўйин платформалари бу тақиққа киритилмаган эди.
Ҳукуматнинг таъкидлашича, бундай қарорга кибербуллинг (интернетдаги таъқиблар), жинсий эксплуатация ва ўз-ўзига зарар етказишни тарғиб қилувчи контентларнинг болалар ҳамда ўсмирларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига кўрсатаётган салбий таъсири юзасидан хавотирлар ортиб бораётгани сабаб бўлган.
Австралия ҳукумати буюртмасига биноан 2023-йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, 8 ёшдан 16 ёшгача бўлган ҳар беш боланинг тўрттаси ижтимоий тармоқлардан фойдаланади ва бу жараён аксарият ҳолларда 10–12 ёшдан бошланади.
Қонун талаблари ва дастлабки натижалар
Қонунга мувофиқ, энг йирик 10 та ижтимоий тармоқ платформаси 16 ёшгача бўлган австралиялик фойдаланувчиларни чеклаш бўйича «оқилона чоралар» кўрмаса, 33 миллион доллар миқдорида жаримага тортилади. Бундай чоралар сирасига фойдаланувчининг неча ёшда эканини тасдиқловчи махсус тизимларни жорий этиш ҳам киради.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, 16-январ ҳолатига келиб, ижтимоий тармоқ компаниялари Австралиядаги болаларга тегишли деб топилган қарийб 4,7 миллион профилни блоклашга улгурган.
«Биз "бунинг иложи йўқ" деганларнинг барчасига — дунёдаги энг қудратли ва бой компаниялар ҳамда уларнинг тарафдорларига қатъий жавоб қайтара олдик», — деган эди Австралия алоқа вазири Аника Уэллс январ ойида.
Бироқ орадан бир неча ой ўтгач маълум бўлдики, ўсмирлар нисбатан осонлик билан янги саҳифалар очишнинг уддасидан чиқмоқда.
Австралиядаги чекловлар кучга кирганидан бир неча кун ўтиб, вояга етмаганларни блоклаши талаб қилинган 10 та платформадан бири — «Reddit» янги қоидаларга риоя қилган ҳолда, ҳукумат қарори устидан Олий судга шикоят киритган. Ушбу иш бўйича суд жараёнлари ҳамон давом этмоқда.
Австралия ҳукумати сўнгги хулосаларга муносабат билдирди
Шанба куни Австралиянинг самарадорлик, рақобат, хайрия ва ғазначилик масалалари бўйича вазири ўринбосари Эндрю Ли янги қонунни ҳимоя қилиб чиқди. Унинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларга қўйилган тақиқ болаларнинг интернетдан фойдаланишига оид миллий миқёсдаги қарашларни аллақачон ўзгартиришга улгурган.
«Мазкур чеклов ота-оналар ўртасидаги суҳбатларда муҳим бурилиш ясади, биз миллионлаб профилларнинг ёпилишига эришдик», — деди Эндрю Ли телевидение орқали қилган чиқишида.
«Қоидага 100 фоиз риоя қилинади, деб ҳеч қачон кутмаганмиз. Масалан, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш учун белгиланган ёш чекловларига ҳам тўлиқ амал қилинмайди. Лекин бундай қонуннинг мавжудлиги барибир ўринли», — дея хулоса қилди у.
Ижтимоий тармоқлар болалар учун ҳақиқатан ҳам зарарлими?
Экспертларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар узоқ вақтдан буён назоратсиз қолаётгани сабабли зарарли контент, ёлғон маълумотлар ва нафрат қўзғатувчи чиқишларга кенг йўл очиб бермоқда. Бунинг устига, сўнгги пайтларда сунъий интеллект (СИ) ёрдамида яратилган материалларнинг кескин кўпайиши болалар ва ёшларнинг руҳий ҳолатига янги хавфларни келтириб чиқармоқда.
Америка психология ассоциацияси ўтган йили генератив сунъий интеллект тизимлари зўравонлик ёки шаҳвоний мазмундаги видеолар каби зарарли контентнинг янада кенг тарқалишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб, махсус тавсиянома эълон қилди.
Унда қайд этилишича, ўсмирлар СИ томонидан яратилган контентнинг ҳаққонийлигига катталарга нисбатан тезроқ ишонади.
«Болалар сунъий интеллект берган маслаҳат ёки нохолис маълумот ортидаги асл мақсадни англаб етмасликлари мумкин», — дейилади ҳужжатда.
АҚШда тузилган ирқчиликка қарши «Black Lives Matter» ҳаракати ҳаммуассиси Айо Тометининг сўзларига кўра, сунъий интеллект жамиятда азалдан шаклланган нотўғри қарашлар ва стереотипларни янада кучайтириб юбориши мумкин.
БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан 2025-йилнинг октябр ойида эълон қилинган тадқиқотда таъкидланишича, бутун дунё болалари сунъий интеллектнинг онлайн жинсий эксплуатация ва «дипфейк»лар учун суиистеъмол қилинишидан хавотир билдирмоқда.