Банклар ўз карталари ўртасидаги тўловларни ўз инфратузилмасида қайта ишлаши мумкин бўлади
Янги тартиб банкларга бир банк карталари ўртасидаги операцияларни учинчи томонсиз қайта ишлаш имконини беради.
© vaqt.uzМарказий банк банк ичидаги ҳисоб-китобларни in-house модели асосида қайта ишлаш тартибини тасдиқлади. Адлия вазирлиги регулятор бошқарувининг тегишли қарорини 27-август куни давлат рўйхатидан ўтказди ва ҳужжат Lex.uz порталида эълон қилинди.
Янги тартибга кўра, банклар бир банк томонидан чиқарилган карталар ўртасидаги тўлов операцияларини учинчи томонни жалб қилмасдан ўз инфратузилмасида қайта ишлаши мумкин. Бунда операцияларни авторизация қилиш, уларга ишлов бериш ва маблағларни ўтказиш жараёнлари банкнинг ички тизимида амалга оширилади.
Марказий банкнинг «Банк карталарини чиқариш ва уларнинг муомаласи тўғрисида»ги низомига киритилган ўзгартишлар кредит ташкилотларига ушбу моделни ихтиёрий равишда жорий этиш ҳуқуқини беради. Банклар бунда тўлов тизимлари ва сервислари учун белгиланган киберхавфсизлик талабларига риоя қилиши шарт.
Банкларга талаблар қўйилди
In-house моделини жорий этмоқчи бўлган банк бу ҳақда Марказий банкни тизим ишга туширилишидан камида 30 кун олдин ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши керак.
Хабарномада моделни ишга тушириш санаси, ички инфратузилмада қайта ишланадиган операциялар турлари ва фойдаланиладиган ахборот тизимлари ҳақида маълумот берилиши лозим.
Шунингдек, банк ахборот хавфсизлиги, узлуксиз ишлаш ва тўлов маълумотларининг махфийлигини таъминлаш чораларини белгилаши керак. Операцион ҳамда технологик таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш тартиби ҳам ички ҳужжатларда акс эттирилади.
Захира тизими мажбурий
Талаблар орасида асосий тизимдан мустақил ишлайдиган захира алоқа канали ва тўловларга ишлов бериш учун мўлжалланган захира ахборот тизими бўлиши ҳам белгиланган. Банк уларнинг ишчанлигини йилига камида бир марта синаб кўриши шарт.
In-house моделида ҳисоб-китоблар фақат битта банк чиқарган карталар ўртасида амалга оширилади. Операциялар реал вақт режимида ёки клиринг сессияси якунланганидан кейин бажарилиши мумкин.
Тўловлар ҳақидаги маълумотлар операция амалга оширилганидан кейин камида беш йил сақланиши керак. Узилишлар, операцион ҳодисалар ёки киберхавфсизлик инсидентлари юз берса, банк Марказий банкни зудлик билан хабардор қилиши лозим.
Янги тартиб ҳужжат расман эълон қилинганидан уч ой ўтгач, 27-ноябрдан кучга киради.



