Logo

Мурожаатлар бўйича энг ёмон натижа кўрсатган 10 та банк номи очиқланди

Bugun 16:372 daqiqa

Уч ойда Марказий банкка банклар фаолияти юзасидан 12,3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Мурожаатлар бўйича энг ёмон натижа кўрсатган 10 та банк номи очиқланди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк 2026-йилнинг июл–сентябр ойларида тижорат банклари фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилди.

Регулятор маълумотларига кўра, учинчи чоракда бевосита ва бошқа давлат органлари орқали жами 12 307 та мурожаат қабул қилинган.

Мижозлар сонига нисбатан ҳисобланган мурожаатлар индексида «Hayot Bank» 5,71 кўрсаткич билан биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринларда «Biznesni rivojlantirish banki» — 3,17 ва «Mikrokreditbank» — 2,53 кўрсаткич билан жойлашди.

Ўнталикнинг кейинги ўринларидан «TBC Bank» 1,96, «Anorbank» 1,86 ва «Turonbank» 1,62 индекс билан жой олди. Шунингдек, рўйхатга «Asakabank» — 1,27, «InFinbank» ва «AVO bank» — 1,25 дан ҳамда «Kapitalbank» — 1,24 кўрсаткич билан кирди.

Марказий банк таъкидлашича, мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улушининг юқори бўлиши қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади:

— мижозларга банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича етарли тушунтириш бериш;
— мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб тақдим этиш;
— такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш;
— мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва ички назорат механизмларини кучайтириш.

Шу муносабат билан регулятор банкларга кўриб чиқиш учун келиб тушган мурожаатлар сабабларини чуқур таҳлил қилиш, уларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда мижозлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни кучайтириш тавсия этди.

Индекс нимани англатади?

Мурожаатлар индекси банкнинг молиявий барқарорлиги ёки ишончлилигини тўғридан-тўғри баҳоламайди. У мижозлар сонига нисбатан келиб тушган мурожаатлар улушини акс эттиради. Шу сабабли индекс юқори бўлган банкни молиявий жиҳатдан беқарор деб хулоса қилиш тўғри эмас.

Марказий банк маълумотларига кўра, чорак давомида 100 тадан кам мурожаат келиб тушган банклар учун индекс ҳисобланмайди.

Маълумот учун, ушбу индекс 2026-йил июн ойидан эълон қилина бошланди.

Teglar

Mavzuga oid

Мурожаатлар бўйича энг ёмон натижа кўрсатган 10 та банк номи очиқланди | Vaqt.uz